Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракеталарини тайёрлашнинг «якуний босқичида» турибди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Ким Чен Ин халқига Янги йил табригини йўллаш вақтида айтиб ўтган.

«Агар АҚШ агрессив сиёсатини давом эттирса, КХДР ўзининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлайди», — деган у.

У шунингдек, раҳбарият «параллел равишда мамлакатнинг иқтисоди ҳам ривожлантириб борилиши» ҳақида гапирган.

Бундан ташқари, Ким Чен Ин ўз нутқида мамлакатини «Шарқдаги ядровий держава» сифатида атаган.

Бундан олдинроқ, Шимолий Корея НАТОнинг Пхеньяндан ўз ракета-ядро дастурини тўхтатишга чақирган баёнотига рад жавобини қайтаргани ҳақида хабар берилганди.

Ўтган йилнинг 6 январь кунида Шимолий Корея марказий телевидениеси КХДР мамлакат шимоли-шарқида водород бомбасини муваффақиятли тарзда синовдан ўтказганини хабар қилганди. 7 февраль куни эса  Шимолий Корея ракета ташувчиси сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққани маълум қилинди.

Расмий Пхеньян ядро синовлари ўтказишини АҚШнинг агрессив сиёсатидан мудофааланиш сифатида баҳолайди. Ракета ташувчиси учирилишини эса космосни тинч ўрганиш сифатида тушунтиради.

Ўтган йилнинг февралида Шимолий Корея KN-08 қитъалараро баллистик ракеталари учун махсус отряд тузди. Экспертлар KN-08 10 минг километр масофани босиб ўтиши мумкинлигини тахмин қилган. Америкалик мутахассислар мазкур ракеталарни «АҚШнинг огоҳлантириш ва ҳимояни таъминлаш имкониятларини қийинлаштиришга қодир» қурилма деб ҳисоблаган.

Мартда Ким Чен Ин кўрсатмасига биноан шимолий кореялик мутахассислар қитъалараро баллистик ракета жанговар каллаги учлиги ҳароратга бардошлилигини синовдан ўтказганди.

2016 йилнинг апрелида КХДРда қитъалараро баллистик ракета двигатели синовларини муваффақиятли ўтказилди.

Май ойида яна бир бор Сохэ полигонида KN-08 узоқ масофадаги қитъалараро баллистик ракетада қўлланилиши мумкин бўлган двигателлар синовдан ўтказилди.

KN-08 ракетаси билан боғлиқ синовлар 2013 йил ўрталарида бошланган. У 11 минг километр масофага парвоз қилиши ва АҚШ ҳудудигача етиб бориши мумкин. Бу KХДР ядровий хавфини янги даражага кўтаради.