2016 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни 31 декабрь куни ЎзАда келтирилди.

Қонун 2016 йил 6 декабрда Қонунчилик Палатаси томонидан қабул қилинган ва 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Хусусий корхона тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, «Оилавий тадбирколик тўғрисида»ги қонунга, «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга, Ўзбекистон Бюджет кодексига ўзгартиш, қўшимча ва тўлдиришлар киритилди.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин», — дейилади ҳужжатнинг 14-моддасида.

Қонун 2017 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.