АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси аъзоси Адам Шифф (Калифорния штатидан демократ)нинг фикрича, америка маъмурияти томонидан Россияга нисбатан киритилган санкциялар етарли эмас ва қўшимча чеклов чораларини қўллаш лозим. У бу ҳақда ABC телекомпаниясига берган  интервьюсида айтиб ўтган.

"Биз янада кўпроқ нарсани қилиш керак, деган фикрдамиз, - деди Конгресс қуйи палатасидаги разведка бўйича қўмита аъзоси саналувчи Шифф. – Тўғрисини айтсам, биз (Конгрессда) қабул қилинган чоралар Россияни босиб туришда етарли эмас, деб ҳисоблаймиз ҳамда келажакда санкциялар янада кучайтирилиши мумкин. Буни ҳар икки партия ҳам қўллаб-қувватлашига гувоҳ бўласиз".

Шиффнинг таъкидлашича, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Барак Обама маъмурияти томонидан Москвага нисбатан киритилган санкцияларни бекор қилишга қарор қилса, у Конгресснинг “кескин реакцияси”га дуч келади. Шиффнинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда кўплаб демократ ва республикачилар Россияга қарши “жиддий санкциялар пакети”ни қўллаш учун ҳаракат қилишади.

Аввалроқ, амалдаги АҚШ маъмурияти расмий вакиллари махсус ташкил этилган брифингда Трамп инаугурациядан сўнг Россияга қарши санкцияларни қийинчиликсиз бекор қилиши мумкинлигини тан олишганди. 

Маълумот учун, АҚШ 29 декабрь куни бир қатор Россия компаниялари, Федерал хавфсизлик хизмати ва мамлакат Қуролли кучлари бош штаби бош бошқармасига нисбатан санкциялар киритилиши ҳақида маълум қилди. Шунингдек, Америка ҳукумати 35 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди. Вашингтон бу қадамларни америка сиёсий ташкилотларига уюштирилган хакерлик ҳужумлари билан боғлаган. Амалдаги маъмурият бунда Россияни айбламоқда.

Москва эса киберҳужумларга алоқаси йўқлигини бир неча бора маълум қилган. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков янги санкцияларга изоҳ бераркан, улар “тажовузкорликдан дарак бериши”ни таъкидлаб ўтди.