Ироқдаги ИШИД жангарилари билан кураш Франция ҳудудида терактлар содир этилишининг олдини олишда ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Франция президенти Франсуа Олланд маълум қилди.

Аввалроқ, Олланд Бағдод шаҳрига ҳарбий хизматчилар билан учрашиш мақсадида келгани хабар қилинганди. Улар халқаро коалиция таркибида ИШИД билан курашда иштирок этишмоқда. Франция президенти ташриф давомида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар билан музокаралар ўтказиши ҳам кутилмоқда.

"Ироқда террорчилик билан кураш бўйича қабул қилинган чоралар  - бу бизнинг ҳудудда теракт содир этилишининг олдини олишдир", - дея Олланднинг баёнотидан иқтибос келтиради Франс Пресс агентлиги.

"Ироқнинг тикланишига ёрдам берувчи барча воситалар - бу ИШИД томонидан бизнинг еримизда амалга оширилиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олишга қўшимча талабдир", - таъкидлаб ўтди Франция раҳбари.

ИШИД бугунги кунда дунё хавфсизлиги учун энг катта таҳдидлардан бири саналади. Террорчилар уч йил давомида Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини босиб олишди. Уларнинг бир қисми эса сўнгги ойларда қайтариб олинган. ИШИД билан кураш бўйича ягона фронт мавжуд эмас: жангарилар билан Сурия ҳукумат қўшинлари Россия ҳаво кучлари кўмагида, Ироқ армияси, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция, шунингдек курдлар, ливанлик ва ироқлик шиалар кўнгиллилари кураш олиб бормоқда.