«Трибуна» 2016 йилда бошланиб, 2017 йилнинг биринчи кунида якунланган АПЛнинг 19-турини ҳисоб қилади.

Жирудан «Қисқичбақа зарбаси»

Англия чемпионатида байрам кунлари одатдагидек ноодатий ҳодисалар гувоҳи бўлдик. Бу йилги Boxing Day «қисқичбақа зарбалари» билан ёдда қоладиган бўлди. Аввалига, 2016 йилнинг охирги кунида «Манчестер Юнайтед» «Мидлсбро» дарвозасига Генрих Мхитарян шу услуб билан гол урди ва жамоасини ғалаба сари етаклади (гарчи офсайддан урилган ва ҳисобланган бўлсада, чиройли гол).

Янги йилнинг биринчи кунида «Арсенал» ҳужумчиси Оливье Жиру «Кристал Пэлас» дарвозасини ҳайратомуз гол билан ишғол қилди. Бу учрашув лондонликларнинг ишончли ғалабаси билан якунланди.

Франциялик футболчи аввалги турда «Вест Бромвич» дарвозасига ғалаба тўпини йўллаганди. Янги йил кунларида Оливье катта саҳнага чиқадию. Дарвоқе, «қораёлоқлар»га қарши ва «Кристал Пэлас»га қарши ўйинлар мавсумда Жиру «канонирлар»нинг бошланғич таркибида бошлаган 2 ўйин бўлди. Бошланғич таркибга кирмаётган бўлсада, ушбу ҳужумчи  «Арсенал»дан ҳеч қаёққа кетмаслигини маълум қилган.

Прессингга қарши прессинг

31 декабрь куни «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўртасида кечган тур учрашувига шундай баҳо берса бўлади. «Тақдир ҳазили» ўрнига кўп мухлислар Юрген Клопп ва Пеп Гвардиол қаршилигини кузатгани тайин.

Аммо ўйин Янги йил безаги бўлди деб аташ қийин. Кутилган шиддат кузатилмади. 90 дақиқа давомида дарвозаларга атиги 3 марта аниқ зарба йўллланди – мухлисларни ранжитадиган кўрсаткич. «Ливерпуль» ўйиннинг 8-дақиқасида Жоржиньо Вайналдум урган бир гол эвазига ғалаба қозонди ва турнир жадвалидаги иккинчи ўринга мустаҳкамланди. «Шаҳарликлар» жамоаси эса бу мағлубият туфайли биринчи даврани кучли тўртликдан ташқарида якунлади.

Шу билан бирга, футболни тушунадиган кишилар бу ўйиндаги футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилишлари мумкин. Икки жамоа ҳам бир зум тўхтамасдан футбол ўйнади, тўпни йўқотган жамоа дарҳол прессинг уюштириши гувоҳи бўлдик. Шахматни эслатган бу ўйин якунида Клопп кучлироқ бўлиб чиқди. «Ливерпуль» Серхио Агуэрога умуман имкон бермади – «Сити»нинг асосий ҳужумчиси рақиб жарима майдони ичида бирон марта ҳам тўпга тегмади.

Тан олиш керакки, германиялик мутахассис кучли рақибларга қарши қандай тайёрланишни билади. Клопп 2015 йилнинг октябрида «қизиллар» жамоаси бошқарувига келганидан буён жамоа «МЮ», «Сити», «Арсенал», «Челси» ва «Тоттенҳэм» каби грандларга қарши 13та ўйин ўтказди ва уларнинг фақат биттасида ютқазди: Ўтган мавсумда «Юнайтед»га қарши ўйин 0:1 ҳисобида якунланганди.

13 – Бахтли рақам

«Челси» бу турда «Сток Сити»ни 4:2 ҳисобида енгди ва мавсумда қаторасига 13-ғалабасини қайд этди. Бу орқали жамоа 2001/02 йилги мавсумда «Арсенал» томонидан қайд этилган рекордни такрорлади. «Канонирлар»нинг ғалабали серияси 14 учрашувда иборат, аммо бу серия 2002/03 йилги мавсум стартидаги ғалаба қўшиб ҳисобланганда бўлган.

«Биз ғалабалар сони ҳақида ўйламаслигимиз керак. Асосий мақсадимиз – чемпионлик. Агар соврин юта олмасак, бу рекордлар бир пул», деди «Челси» бош мураббийи Антонио Конте. У бу ўйиндан кейин Лондондаги спорт журналистларини шаҳардаги паблардан бирига таклиф қилганди.

«Сток Сити»га қарши ўйинда Конте дисквалификацияни ўтаб бўлган Нголо Кантени тушириши мумкин бўлган бўлсада, Сеск Фабрегасни бошланғич таркибга қўйди ва бу испаниялик футболчи ўйиндаги энг яхшилардан бири бўлиб, 2та голга узатма берди.

Энди ушбу хавбек премьер-лига ўйинларида 100та голли узатма берган илк хорижлик футболчидир. Бу борада ундан яхши натижани фақат шу футболчилар қайд этган: Райан Гиггз – 162, Фрэнк Лэмпард – 102 ва Уэйн Руни - 101. Фабрагес тез орада бу рўйхатда иккинчи ўринга чиқиб олиши ҳам мумкин. У бу натижасини 293 учрашувда қайд этди.

Фергюсонга совға ва Моуриньодан сабоқ

«Манчестер Юнайтед» «Мидлсбро»ни 31 декабрь куни енга олмади. Чунки, бу куни Алекс Фергюсон 75 ёшини нишонлаётганди. Сэр Алекс бу учрашувни бошқа фахрийлар қаторида «Олд Траффорд» трибунасида туриб кузатаётганди. 80-дақиқада камера афсонавий мураббийга қаратилди, унинг юзи яшиллашган тусда эди – «қизил иблислар» рақиб дарвозасига тинимсиз зарба беришсада (Антони Марсиялнинг голли зарбаси «МЮ»нинг учрашув давомидаги 31-зарбаси эди), 0:1 ҳисобида ютқазаётганди. Аммо кейинги дақиқалар фантастик кечди ва барчаси яхши якунланди – 2:1. Бу вақтда барча «Ферги тайм»ни эслади.

«Бугун уни хурсанд қилганимиздан жуда хурсандман. Биз уни шундай табрикладик», - деди ўйиндан кейин «Юнайтед»нинг ҳозирги бош мураббийи Жозе Моуриньо.

У шунингдек, жамоа ҳужумчиси, бу учрашув қаҳрамони Марсиялга қарата мурожаат қилди. У футболчини агентига эмас, ўзига қулоқ солишга чақирди ва унинг «Севилья»га ўтиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги гаплардан ғазабдалигини яшириб ўтирмади.

«У шу ерда суперюлдузга айланиши мумкин. Бунинг учун барча шароитлар муҳайё. Аммо у мени эшитиши керак, агентини эмас. У Мхитаряндан ўрнак олсин. У кўпроқ меҳнат қилиши керак. Мен Мхитарян билан ҳар куни гаплашардим ва энди самарасини кўрмоқдамиз. Унинг агенти менга нима дейди: «Менга қара, Генрих сенинг ёнингдагина янада кучли футболчига айланади, у билан ишлашда давом эт». Демак, Марсиял ҳам мени тинглаши керак ва унга машғулотлар вақтида нима деяётганимни яхшилаб тушуниши керак. Мен нима қилсам, фақат унинг фойдаси учун қиламан», - деди Моуриньо.

Кўрамиз, Марсиял мураббийнинг маслаҳатларига амал қилармикан?

Чўкаётган «оққушлар»

Олтинчи мавсумдирки, «Суонси» премьер-лигада ва жамоа ёрқин ўйинлар билан мухлислар қалбидан жой олмоқда. Бу вақт давомида «оққушлар»га Брендан Роджерс, Микаэль Лаудруп ва Гэри Монк каби ўзига хос мураббийлар бошчилик қилди ва ҳеч қачон уларнинг ўйини ҳозиргидаги каби зерикарли бўлмаганди.

Аммо ҳозирги «Суонси» АПЛга муносиб эмас. Жамоада мавсумда учинчи мураббий келмоқда. «Вест ХҲэм»дан учралган 1:4 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Янги йил арафасида Боб Брэдли ишдан бўшатилди. У «оққушлар»ни 85 кун ёки 11 учрашувда бошқарди. Ундан олдинги мураббий Гвидолини ўз туғилган кунида истеъфога чиқарилганди.

Эндиликда жамоани Пол Клемент бошқаради. У «Бавария»да Карло Анчелотти штабидан чиқиб, туманли альбионга қайтмоқда.

АПЛда биринчи давра тугади. «Манчестер Сити» кучли тўртликдан ташқарида қолди.