Туркия нашрлари томонидан Истанбул теракти ижрочилигида гумон қилинган Қирғизистон фуқароси Яҳё Машрапов бу терактга алоқадор эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда АКИpress агентлиги хабар тарқатди.

Бугун Туркия давлат телеканалида қирғизистонлик 28 ёшли Яҳё Машраповнинг паспорти сурати Истанбулдаги тунги клубга ҳужум уюштирган шахс паспорти сурати сифатида намойиш қилинди.

АКИpress маълумотига кўра, Машрапов 3 январь куни Туркиядан Бишкекка учиб келган ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси ходимлари томонидан сўроқ қилинган.

Машраповнинг айтишича, у 1 январь куни Бишкекдан Истанбулга савдо-сотиқ ишлари бўйича учиб борганди. Аммо қайтишда Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уни самолётга чиқишда тўхтатиб, маҳкамага олиб кетишган.

"Улар мени бир соатга яқин вақт давомида сўроқ қилишди. Шу туфайли Бишкеккача самолёт ҳам 1 соатга ушланиб қолди. Улар мени Янги йил оқшомида содир этилган теракт бўйича тергов қилишди. Ташқи кўринишим теракт ижрочисини эслатгани учун мени тўхтатишган экан. Якунда улар мен билан хайрлашиб, самолётга чиқишимга рухсат беришди", дея Машраповнинг сўзларини келтирган агентлик.

У 31 декабрь куни Қирғизистонда бўлганини исботлай олишини қўшимча қилган. Машрапов ўз паспорти қандай қилиб интернетда тарқалганини билмаслиги ҳақида айтган.