Калифорниянинг Пасадина шаҳрида 128-марта Атиргуллар паради бўлиб ўтди

Жаҳон 03 Январь 2017 2520
Фото: AP

Ҳар йили ўтказиладиган Атиргуллар паради душанба куни Калифорния штатидаги Пасадина шаҳрида бўлиб ўтди. Ёмғирли ва совуқ ҳавога қарамай, бир неча юз минг киши 128-марта бўлиб ўтаётган анъанавий ранг-баранг парадни кузатишди. Парадда оркестрлар, чавандозлар ва гуллар билан безатилган платформалар ҳаракатланди.

Бир вақтнинг ўзида ҳам гуллар фестивали ҳисобланган парадга ҳаракатланувчи саҳналар жалб этилди. Кўп сонли платформалар орасида ўтган йили Орландода бўлиб ўтган (Флорида штати) теракт қурбонлари хотирасига яратилган конструкция алоҳида ажралиб турди - ўшанда 49 киши ҳалок бўлганди. 

Бундай макетларни яратиш қимматга тушади ва у пухта ишланиши керак бўлган жараён ҳисобланади. Пасадина кўчалари бўйлаб ҳаракатланиш шарафига муяссар бўлган оркестрларни танлаш жараёни эса, параддан 14 ой аввал ўз ниҳоясига етади. 

Тадбирга бошчилик қилиш ҳуқуқи машҳур кишилар, сиёсатчилар ёки спортчиларга берилади. Бу сафар югуриш спорти билан шуғулланувчи Эллисон Феликс, сувга сакраш билан шуғулланувчи Грег Луганис ва сузувчи Жанет Эванслар ана шундай шарафга эга бўлишди.

Парад юқори хавфсизлик чоралари кўрилган шароитда ўтди. Ҳуқуқ-тартибот органларининг мингдан зиёд ходими иштирок этди. Чорраҳалар ва бошқа жойларда тўсиқлар қўйилди. Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, парад давомида ҳеч қандай нохуш ҳодисалар рўй бермаган. 

Пасадинадаги биринчи Атиргуллар паради 1890 йилнинг 1 январида бўлиб ўтган. У маҳаллий овчилар клуби аъзолари томонидан ўйлаб топилган ва ташкиллаштирилган. 

Кўпроқ янгиликлар