Кириб келган 2017 йилда Қозоғистон учун энг муҳим воқелик, бу – «Остона EXPO-2017» халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасининг очилишидир. Остона шаҳрининг номзоди Халқаро кўргазмалар бюросининг 152-Бош Ассамблеясида яширин овоз бериш натижасида 2011 йили тасдиқланган эди. 

Ўзбекистон «EXPO-2017» кўргазмасига мезбон сифатида Остона шаҳрининг номзодини қўллаб-қувватлаган.

Кўргазма ўз ишини 10 июнь куни бошлайди ва 10 сентябрь санасигача давом этади. Кўргазма «Келажак энергияси» мавзусига бағишланган. Иштирокчи мамлакатлар муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш сохасидаги янги технологияларни намойиш қиладилар. Соф энергия ишлаб чиқарувчи мавжуд фотоэлектр ва бошқа намунадаги станциялардан фойдаланиш тажрибаси билан ўртоқлашадилар.

Шу мақсадда «Остона EXPO-2017» миллий компаниясининг мутасаддилари 21-22 ноябрь кунлари Россия, Украина, Белорусия, Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон журналистлари учун пресс-тур ташкиллаштирдилар. Пресс-тур дастури жуда мазмунли тузилган бўлиб, биринчи куни журналистлар EXPO-2017 объектларига ташкил этилган саёҳатда иштирок этдилар.

"EXPO-2017" лойиҳаси кўриниши. Максад Жангиров сурати

Энг катта павильонлар Хитой, Россия, Буюк Британия, АҚШ, Ҳиндистон, шунингдек, Қозоғистон учун ажратилган. Ташкилотчиларнинг ўзлари EXPO-2017 кўргазмасини инқирозга қарши лойиҳа сифатида баҳоламоқдалар, зеро бу ерда 50 минг нафар иш билан таъминланади. Фақат қурилиш объектларининг ўзида айни кунда 14 минг киши меҳнат қилмоқда. 1 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиб, 126 млн. евро ҳомийлик маблағлари жалб қилинган. Лойиҳанинг умумий қиймати 3 млрд. АҚШ 

долларидан ошади. Бундан ташқари, кўргазма ишида Дженерал Электрик, Самсунг, РосАтом каби йирик трансмиллий компаниялар ҳам иштирок этади. Мазкур компаниялар «EXPO-2017»нинг ҳомийлари сифатида ҳам қайд этилган.

EXPO-2017 кўргазма заллари. Максад Жангиров сурати

“Айни пайтда бутун дунё бўйича муқобил энергия манбалари сохаси учун $ 350 млрд. миқдорида инвестиция киритилган. Ушбу кўрсаткич кун сайин ўсиб бормоқда. Коста-Рика ҳукумати ўз эҳтиёжинининг 90 фоизини муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаалари ҳисобига қоплайди”, деди журналистлар билан ўтказилган матбуот анжумани пайтида «Остона- EXPO-2017» миллий компанияси бошқаруви раиси Ахметжан Есимов.

Ахметжан Есимов EXPO-2017 хақида маълумот берди
Максад Жангиров сурати

Ушбу йирик анжуманда дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакати, шу жумладан, Ўзбекистон вакилларининг ҳам иштироки кутилмоқда. Журналистларга бу ҳақда Ахметжан Есимов айтиб ўтди. «Биз қардош Ўзбекистоннинг иштирокини кутмоқдамиз, ҳукумат раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакат кўргазма ишида иштирок этишини айтиб ўтган», деди жаноб Есимов. 

Ахметжан Есимов журналистлар саволларига жавоб берди
Максад Жангиров сурати

Бўлғуси кўргазманинг ҳудуди 174 гектар ердаги улкан қурилиш майдонини эгаллаган. Бу ерда павильонлар, турар-жой мажмуалари барпо этилмоқда. Улар меҳмонларни кутиб олиш учун деярли шай ҳолатга келтирилди. EXPO-2017 нинг энг ўзига хос ва асосий иншооти – Қозоғистон миллий павильони. Мазкур юқоритехнологик қурилма йирик шар кўринишида бўлиб, қуёш ва сув энергияси билан таъминланади. 

Қозоғистон кўргазма биносининг кўриниши
Максад Жангиров сурати

“EXPO-2017” туризм департаментининг мутахассислари кўргазмада меҳмонлар сони 5 миллион киши атрофида бўлишини, унинг 85 фоизини Қозоғистон аҳолиси, қолган 15 фоизини эса яқин ва узоқ ҳорижлик сайёҳлар ташкил этишини башорат қилишмоқда. Дарвоқе, Самарқанд шаҳри “EXPO-2017” доирасида сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритилган. Қозоғистон шу кунгача 35 та давлат билан визасиз режим келишувига эришган ва ушбу кўрсаткични 60 тага етказишни режалаштирган. Кириб келаётган 2017 йил Қозоғистонда Хитой туризми йили деб эълон қилинган. 
Айни пайтда Остона шаҳрининг аҳолиси 800 минг нафардан ортиқни ташкил қилади, норасмий манбааларда эса шаҳарда яшовчилар 1 миллион нафар экани қайд этилган.

“EXPO-2017” ташкилотчилари пресс-турда иштирок этаётган барча журналистларни мазкур йирик тадбирни ёритиш учун июнь ойида яна Остонага таклиф қилдилар.
Ташриф буюрувчи ва сайёҳлар учун чипталар 10 июндан эътиборан сотувга чиқарилади. Чипталар қиймати – эконом классга 100 АҚШ доллари, бизнес классга 180 ва премиум классга 500 АҚШ доллари миқдорида.

Ўзбекистонда муқобил энергия манбаалари истиқболлари     

Айни пайтда Қозоғистон энергетикаси мувозанатида қайта тикланувчан энергия манбаалари 1,5 фоиз атрофидаги нисбатга тенг. Ўзбекистонда ҳам таҳминан шундай вазият. 
Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда қуёш электростанцияси ишга туширилган эди ва у МДҲ сарҳадларидаги биринчи йирик 1,2 мВт қувватга эга мобил қуёш электростанцияси бўлди. 2013 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳрида қуёш энергияси бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. 

Тошкентдаги “Физика-Қуёш” ИИЧБ базасида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда 2013 йилнинг октябрь ойида Халқаро қуёш энергияси институти ташкил этилди. Ушбу илмий муассаса қуёш энергиясининг замонавий технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш билан шуғулланиши, бунинг воситасида эса Ўзбекистон мазкур йўналишда минтақадаги етакчилик позициясини қўлга киритишни режалаштирган.

“Ўзбекистон Республикасининг паст углеродли ривожланиш стратегияси”га мувофиқ 2030 йилга келиб мамлакатдаги қуёш станцияларининг қуввати 2 ГВт ни ташкил қилиши, бу эса 5 миллиард кВт/с электроэнергия ишлаб чиқариш имконини бериши мумкин.