Гитлернинг китоби Германияда бестселлерга айланди

Маданият 03 Январь 2017 13302

Адольф Гитлернинг танқидий изоҳлар билан қайтадан нашр этилган «Mein Kampf» («Менинг курашим») китоби Германияда 2016 йилнинг энг кўп қизиқишларни келтириб чиқарган китоби бўлди. Бу ҳақда китобни нашр қилган Мюнхендаги замонавий тарих институти (Institut für Zeitgeschichte, IfZ)директори Андреас Виршинг маълум қилди.

Аввалига институт икки томли бу китобни 4 минг нусхада тайёрлаганди.

«Ҳозиргача 85 минг китоб сотдик. Январь ойи охирида олтинчи тираж чиқади (...) Ҳеч ким бундай муваффақиятни ўйламаганди», — деган Виршинг.

Унинг сўзларига кўра, дастлабки ажиотаждан кейин жамият профессионал муҳокамага киришган ва китоб матни профессионал нуқтаи назардан ўрганиб баҳоланган.

Директор бу китобни мактабларда дарслик сифатида жорий этиш таклифлари ҳам билдирилганини қайд этиб ўтган.

Виршингнинг хабар қилишича, айни вақтда китобнинг француз тилидаги нашри тайёрланмоқда.

«Бу сўзма-сўз таржима бўлмайди. Китобни қайта ишлаб, қисқартирамиз», — деган у. Директор келгусида китоб каттароқ аудитория учун инглиз тилида ҳам нашр этилиши мумкинлиги айтиб ўтган.

2016 йилнинг январида Гитлернинг китоби 70 йилдан буён илк марта сотувга чиқарилганди. Пештахталарда сотувга чиқарилишдан олдин илк тиражни интернет орқали буюртма қилиш мумкин эди.

Гитлер «Майн кампф»ни 1924 йилда, Бавариядаги қамоқхонада ётганида ёзган. У 1923 йили исён ташкилотчиси сифатида қамоққа олинганди. Китобда национал-социализм ғоялари акс этган. Китоб илк марта 1925 йилда нашр этилган, 8 йил ўтгач Гитлер ҳокимият тепасига келган ва бу китоб Германиядаги энг кўп нашр этиладиган китобга айланган, ҳар бир германиялик бу китобни ўқиб чиқиши шарт бўлган.

Кўпроқ янгиликлар