Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилнинг 1 январидан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг янги ставкаларини ўрнатди.

Янги ставкалар Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори билан ўрнатилди.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматидан 1,5 фоизидан 1,7 фоизга ошди. Бунда шаҳарларда жойлашган ҳамда умумий майдони 200 квадрат метр бўлган ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа бино ҳамда иморатлар ҳисобга олинмайди. 

Шаҳарларда жойлашган ҳамда умумий майдони 200-500 квадрат метр бўлган аҳоли турар-жойи ва квартиралар учун ставка 1,8 фоиздан 2,1 фоизга қадар ошди. 500 квадрат метрдан кўпроқ бўлганда эса ставка – 2,5 фоиздан 2,9 фоизга оширилди.

Қолган аҳоли пунктларида умумий майдони 200 квадрат метрдан катта бўлганда солиқ ставкаси 2,1 фоизни ташкил этади (аввал – 1,8 фоиз).

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар томонидан аниқланган инвентаризация қиймати бўлмаганда, солиқ олиш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги мол-мулкнинг – 20,328 миллион сўм миқдоридаги шартли қийматидан фойдаланилади. Бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда эса – 8,833 миллион сўм.