Венесуэланинг Амасонас штатида Ми-17 вертолёти қулаган жой топилгани ҳақида ОАВ томонидан тарқатилган хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда мамлакат алоқа ва ахборот вазири Эрнесто Вильегас твиттерда маълум қилди

"Айни вақтда қуролли кучларнинг Ми-17 вертолётини қидириш давом этмоқда. Унинг экипажи Амасонас штатида алоқага чиқмай қўйган. Вертолётнинг топилгани ҳақида матбуотда пайдо бўлган хабар ҳақиқатга тўғри келмайди", деб айтди Вильегас. У қидирув операциясида 8 та ҳарбий ҳаво кемаси иштирок этаётгани ва улар мураккаб об-ҳаво шароитларида иш олиб боришаётганини қўшимча қилган. 

Вазир қуролли кучлар "вертолёт, экипаж ва йўловчилар" топилмагунча қидиришни давом эттиришларини айтди. Йўқолган вертолёт бортида, турли маълумотларга кўра, 14-16 киши бўлган.  

Аввалроқ Universal газетаси вертолёт ҳалокатга учраганини, унда 16 киши: 11 ҳарбий ва 5 нафар фуқаро бўлганини маълум қилганди.