Бугунги шиддат ўзгараётган замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни ечишда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, таълим тизимини ривожлантириш, инновацион иқтисодиёт тараққиётига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мазкур соҳани ва олимларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидандир.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятдаги етакчи илм-фан намоёндалари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Айни пайтда вилоят олий ўқув юртларида 80 нафар фан доктори, профессор-ўқитувчилар, 415 нафар фан номзодлари фаолият олиб боришмоқда. Ўтган 2016 йилда олий ўқув юртлари ва илмий марказларда 33та Давлат гранти асосида илмий-лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар самарасида янги ишланмаларга фан, таълим ва тиббиётга татбиқ этиш учун 42 патент олинди.

Анжуманда соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган вазифаларнинг ечимлари, юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш, янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновацион марказларни ташкил этиш борасида фикр алмашинилди. 

Элмурод Эрматов, Андижон.