3 январь оқшомида «Арсенал» «Борнмут»га қарши ўйинида қониқарсиз натижадан ташқари, бир неча кўнгилсиз ҳолатлар рўй берди. Жамоа таянч ярим ҳимоячиси Френсис Коклен ва жамоа сардори Лоран Косьельни жароҳат туфайли ўйинни якунлай олмади.

Биринчи бўлим вақтида жамоа 2та гол ўтказиб юборгач футболчилар асабийлаша бошлашди. Хусусан, жамоа етакчиси Алексис Санчес вазиятлардан бирида Рэмзини сўкиб юборган.

Иккинчи бўлимда Арсен Венгер шогирдлари яна битта гол ўтказиб юборишди. Ўйинда ҳаммадан кўп ҳаракат қилган Алексис Санчес аввалига жавоб голини урди ва кейин унинг ҳаракатлари ортида иккинчи ва учинчи жавоб голлари урилди.

Учинчи гол 90-дақиқада урилди. Лекин бу ҳали ҳисоб тенглашиши эди, холос. Бу вақтда Санчес майдон марказига қараб чопади, Жиру эса голни нишонлашга вақт кетказади. Бу Санчесга ёқмаётганини унинг юзидан кўриш мумкин:

 

Ўйиннинг охирги сонияларида жамоа ҳужумга ўтаётганида «Арсенал» футболчиларидан бири чап қанотда очиқ турган Санчесни кўрмади ва тўпни ҳаволатиб тепиб юборди. Натижада ҳужум узилди, ҳакам эса ўйинни якунлаб қўя қолди.

Ҳуштак янграгач, Алексис Санчес қўлқопларини ечиб майдонга отди ва жамоадошларига эътирозларини билдира бошлади. Бу ҳолатлар видеолари интернетда тарқалган.