АҚШ президенти Барак Обама Россия кучли хакерлик машинасига айланиб бораётганини исботлаш ҳаракатида. У Дональд Трамп АҚШдаги президентлик сайловларида WikiLeaks ташкилоти ёрдамида ғалаба қозонгани борасидаги ёлғон тасаввурни уйғотишни мақсад қилган. Бу ҳақда WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Fox News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Ассанж Россия президенти Владимир Путин, унинг вакиллари, Трамп ва унинг ёрдамчилари билан қачондир учрашгани борасидаги саволга рад жавобини берди.

“У (Обама) Россия АҚШдаги сайловларни бузгани борасидаги тахминларни билдирмоқда. Унинг кўрсатишича, Россия тобора кучайиб бораётган хакерлик машинасидир. Бунга далил-исботлар эса келтирилмаган”, - таъкидлаб ўтди Ассанж. Унинг фикрича, Обама “тўғридан-тўғри гапирмайди, балки WikiLeaks томонидан тақдим этилган ҳужжатлар – бу Трампга президент бўлиб сайланишида ёрдам бериш мақсадида ўйлаб топилган фитна, деб ҳисоблайди”.

Сайт асосчиси Россиянинг АҚШ Демократик партияси миллий қўмитасининг электрон ёзишмаларининг ошкор бўлишига алоқадор эканини кескин рад этди. “Бизнинг манба Россия ҳукумати ва қандайдир бошқа давлат эмас”, - дея таъкидлаб ўтди у.

Маълумот учун, WikiLeaks сайтида 2016 йилнинг июлида Демократик партия аъзоларининг ўзаро ёзишмалари тақдим этилганди. Унда ходимлар Ҳиллари Клинтонни АҚШдаги президентлик сайлов кампанияси вақтида қўллаб-қувватлашнинг ва шу билан бир қаторда, унинг асосий рақобатчиси Берни Сандерсни бадном қилишнинг турли усулларини фаол равишда муҳокама қилишганини кўриш мумкин. 

АҚШ миллий разведкаси директори девони ва миллий хавфсизлик вазирлиги киберҳужумлар ортида Россия турганини маълум қилишган. Кремлда эса Москванинг бу ҳолатга алоқадорлиги рад этилди.

Ассанжнинг сўзларига кўра, унинг ташкилоти The New York Times газетаси билан солиштирганда “кенг оммага кўплаб ҳажмдаги маълумотни тақдим эта олади”. “Улар қисқача маълумот билан чекланишди”, - деди у.

Сайт асосчиси унинг сўзлари “АҚШнинг The New York Times, Британиянинг The Guardian, Франциянинг Le Monde ҳамда Испаниянинг El Pais газеталарининг ҳалол ва профессионал ходимларига қаратилмаган”ини айтиб ўтди. “Албатта, биз ҳаммани бир хил деб ҳисобламаймиз. Бироқ бизда ҳурматли газеталар билан муаммолар юзага келмоқда”, - қўшимча қилди у.