Орол денгизи қуриши оқибатида юзага келган экологик муаммоларни ҳал қилиш БМТ ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг асоси бўлиб қолади. Бу ҳақда ташкилотнинг янги сайланган бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилган.

«Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш бизнинг умумий ва устувор мақсадимиз эканини яхши англайман. БМТ ушбу фожиа билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайверади», — қайд этилади мактубда.

У шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва бу ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази орқали янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилишини айтиб ўтган.

Орол денгизи қачонлардир дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўринда турадиган кўл бўлган.

1960 йиллардан у шиддат билан саёзлашиб борди, бунга унга келиб қуюлувчи дарёлар — Амударё ва Сирдарёдан сув олиниши сабаб бўлди — Собиқ Иттифоқ даврида яқин орадаги чўлларни шу тариқа қишлоқ хўжалик ерларига айлантирмоқчи бўлишган.

Ҳозирда Орол денгизи иккита алоҳида кўлга ажралиб қолди ва қарийб бутунлай қуриб битди.

Сув даражаси 18 метрга пасайган. Мавжуд сув миқдори эса — 5 баравар камайган. Бунинг оқибатида атрофдаги ерлар шўрланиб, ҳудуднинг фауна, флора ва инсон соғлиғига кескин таъсир кўрсатган экологик офат юзага келган.

Орол денгизида 13 йилдан бери тадқиқотлар олиб бораётган геология ва минералогия фанлари доктори Сергей Кривоноговнинг сўзларига қараганда, денгизни тиклаш имконияти мавжуд. Бунинг учун сув ҳавзасига қўшимча сув бериш лозим. Ҳар йили, ҳеч бўлмаганда, 20 километр куб сув билан тўлдирилганда ҳам, у кенгая бошлайди. Бундан ташқари, унинг тикланиши иқлим ва тектоник таъсирлар, масалан, ерости сувларининг келишига ҳам боғлиқ ҳисобланади.

1993 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Оролни қутқариш бўйича халқаро фондни ташкил қилишганди. 2008 йилнинг декабридан буён бу фонд БМТ бош ассамблеясида кузатувчи мақомига эга ҳисобланади.