Пуэрто-Рико бокс комиссияси собиқ жаҳон чемпиони Хуан Мануэль Лопесни олти ойга четлатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу унинг мураббий Альберт Ривера ва кичик Вильфредо Васкес билан жангдан сўнг муштлашгани сабаб рўй берди, деб хабар қилади Boxingscene портали.

Иккинчи енгил вазн тоифасида қатнашадиган Лопес 2016 йилнинг 29 октябрь куни ҳамюрти Васкесни 11-раундда нокаутга учратганди. Ғалабани нишонлаш пайтида рингга Васкеснинг мураббийи Ривера чопиб чиқди ва Лопес билан муштлашиб кетган.

Пуэрто-Рико бокс комиссияси ҳодисадан сўнг муштлашувда иштирок этган ҳар икки шахсни четлатиб, уларга 1 минг ва 500 АҚШ доллари миқдорида жарима тайинлади.

Маълумот учун, Лопес 2012 йилда жангдан сўнг референи ҳақорат қилгани учун бир йилга дисквалификация қилинганди.