4 январь куни Американинг Faraday Future компанияси ўзининг янги электрокарини тақдим этди -  ҳайдовчисиз функцияли FF91 автоси. Бироқ тақдимот вақтида машина номаълум сабабларга кўра, буйруқларни бажармади. Бу ҳақида The Verge хабар берди. 

Автомобиль Лас-Вегасдаги кўргазма зали саҳнасида тадбир бошланганидан тахминан бир соат ўтиб пайдо бўлди. Унда Faraday Future'нинг асосий сармоячиларидан бири бўлган LeEco смартфонлари ишлаб чиқарувчисининг директорлар кенгаши раиси Цзя Юэтин кириб келди.

Юэтин машинадан чиққанида Faraday Future'нинг ишлаб чиқариш бўйича вице-президенти Ник Стэмпсон унга автомобилни автоном жойлаштириш функциясидан фойдаланишни таклиф қилди. Сармоячи машина эшигидаги тугмани босди, лекин транспорт воситаси буйруқни бажармади. 

Бир неча сония жимликдан кейин Стэмпсон "Афтидан, у бугун бироз эринчоқлик қиляпти", - деди. Кейинроқ, Юэтиннинг нутқидан кейин Стэмпсон машинанинг ҳайдовчисиз функцияларини яна бир бор фаоллаштиришга ҳаракат қилди, бироқ FF91 ишлаб чиқарувчиларни уялтириб қўйди. 

Манбада таъкидланишича, тақдимотдан кейин Стэмпсон муаммо залнинг томида бўлганлигини айтган. Унинг мураккаб тузилмаси машинанинг ҳайдовчисиз функциялари ишлаши учун зарур сигнални етказиб бера олмаган. 

Faraday Future — Американинг 2014 йилда пайдо бўлган стартапи.