Агар сиз ўзингизни ҳаваскор балиқчиларнинг янги авлодига мансуб деб билсангиз ҳамда балиқ овлашда турли хил ёрдамчи гаджетлар ва электрон асбоблардан фойдаланиш кўникмасига эга бўлсангиз, PowerRay дрони шубҳасиз сиз учун ишлаб чиқарилган дейиш мумкин. Лойиҳа муаллифлари CES 2017 кўргазмасига ташриф буюрганларнинг эътиборини жалб этиш мақсадида Лас-Вегасга масофадан бошқарилувчи PowerRay сув ости қурилмасини олиб келишди. 

Сузувчи дроннинг ўзига хос техник жиҳатларидан бири 30 метргача сув тубига туша олишидир. Бу ерда у қўшимча равишда балиқлар ва сув ости дунёсининг бошқа жониворларини топишга ёрдам берувчи гидролокатор – Fishfinder модулини ишга тушириши мумкин. Уни ишга тушириш билан фойдаланувчи PowerRay ёрдамида яна 40 метр чуқурликни скан қила олади. 

PowerRay модели камера, сенсор билан жиҳозланган бўлиб, 4К форматдаги видеоёзувни кафолатлайди. Ундаги датчиклар тўплами сув ости чуқурлигининг ўзига хосликлари хусусида, жумладан сув ҳарорати ҳақида маълумотлар тўплаш имконини беради. Дрон эса барча ахборотни Wi-Fi модули орқали смартфонга узатади. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг қайд этишича, PowerRay дронининг энг кўзга кўринган жиҳати сув остини кузатиши ва тасвирга олишида эмас, балки балиқ овининг самарали бўлишига ёрдам берадиган технологик ускуна эканидадир. У балиқларни чақира оладиган ёруғлик таратиб, керакли жойларда қармоқлар ташлай олади. 

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, PowerRay дронини ишлаб чиқишда виртуал реаллик технологиясини қўллаб-қувватлаш ёддан кўтарилмаган. Сув ости муқобил қурилмаси атрофида бўлаётган жараёнларни PowerVision VR кўзойнаклари ёки бошқа турдош маҳсулотлар ёрдамида кузатса бўлади. Компаниянинг ўз кўзойнаги ёрдамида сиз бош ҳаракати билан дронни ҳаракатга келтиришингиз ҳам мумкин. 

Ҳозирча, PowerRay нархи номаълум қолмоқда. Бироқ, у шу йилнинг 27 февралидан сотувга чиқарилишини эътиборга оладиган бўлсак, PowerVision компаниясининг дронига оид нарх сиёсатидан яқин орада хабар топишимиз аниқ.