Туркиянинг Измир вилояти губернатори Эрол Ойилдиз вилоят марказида рўй берган портлаш ва келиб чиққан отишма Курдистон ишчилар партияси томонидан содир этилгани ҳақида айтди.

Унинг маълум қилишича, биринчи белгилар бу ҳужум ортида КИП жангарилари турганини кўрсатмоқда. Бу ҳужум ижрочилари Калашников автоматлари ва гранаталар билан қуролланганди.

Измир губернаторининг сўзларига кўра, полициячилар ва ҳужум қилувчилар ўртасидаги отишма суд биноси олдида бўлиб ўтган.

"Полициячилар Байроқли туманида жойлашган суд биносига кириб келаётган автомобилни тўхтатишга уринганида тўқнашув келиб чиққан. Жангарилар иккита автомобилни портлатишган ва воқеа жойидан қочиб кетишга уринишган", деган губернатор.

Бундан ташқари, у бу ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани ва 5 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берган.