Россия пойтахти Москва шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ўғрилик қурбонига айланган ўзбекистонлик Мамасаидова Нилуфарга ёрдам бериш ўрнига, унинг аламига туз сепишди. Улар, полицияга ёрдам сўраб мурожаат қилган Нилуфарнинг бир ёшли қизчасини тортиб олиб, ўзини ҳибсда сақлашмоқда. Бу ҳақда, унинг адвокати Баҳром Исмоилов Facebook саҳифасида сўз юритган.

Гап шундаки, 2016 йилнинг 25 декабрь куни Мамасаидова Нилуфарнинг уйига ўғриликка тушган жиноятчилар унинг ҳужжатларини ўғирлаб кетишган. Шу куннинг ўзида жабрдийда Москва ИИВ Кунцево тумани ИИБга ҳужжатлари ўғирлангани юзасидан мурожаат қилган. Афсуски, туман ИИБ ходимлари, жиноятчиларни топиш ўрнига Ўзбекистон фуқаросидан унинг фарзандини тортиб олишга қарор қилган.  Улар боланинг аёлга тегишли эканига оид ҳужжатлар йўқлигини рўкач қилишмоқда. 

Фото: Facebook.com/Бахром Исмаилов

Бундан ташқари, Нилуфарнинг ўзини "Кунцево" ТИИБ тергов изоляторига 3 суткага қамашган! Адвокатнинг ёзишича, мана 10 кундирки, бир ёшли чақалоқ қизча 1-Шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Онанинг эса асаби бузилгани ва 3 кун мобайнида совуқ хонада сақлангани туфайли ўпкаси шамоллаган. 

Саҳифа остида ижтимоий тармоқ аъзолари воқеага бефарқ эмасликларини изҳор қилган ҳолда турли фикрларни илгари суришган. Хусусан, улардан бири, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва диаспораси ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатишлари зарурлигини билдирган. КУН.Уз таҳририяти ҳам ушбу муаммо тезда ижобий ҳал этилишига умид қилиб қолади. 

Фото: Facebook.com/Бахром Исмаилов
Фото: Facebook.com/Сохиба Хайитбоева 
Фото: Facebook.com/Сохиба Хайитбоева