Косовонинг собиқ бош вазири Рамуш Харадинай Францияда Сербия ҳукумати берган ордерга кўра ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Таъкидланишича, 1998-1999 йиллардаги урушда косоволик албанлар дала қўмондони бўлган Харадинай Сербияда ҳарбий жиноятчи ҳисобланади. 

Харадинай Косовонинг бош вазири лавозимини 2004-2005 йилларда эгаллаган. Таъкидланишича, Харадинай БМТнинг Гаагадаги халқаро судида ҳарбий жиноятлар ишлари бўйича икки марта судланган, бироқ оқланган.

1999 йилда Косово озодлик армиясининг албан айирмачилари билан Сербия армияси ўртасидаги қуролли ихтилоф Югославиянинг НАТО кучлари томонидан бомбардимон қилинишига олиб келган. 2004 йил мартида косоволик албанлар сербларнинг ўлкадан оммавий кетиши ва кўплаб тарихий ва маданий ёдгорликларнинг йўқ бўлишига олиб келган қирғинлар содир этган.