Польшада "кабоб-кафе"ларга ҳужум қилинмоқда

Жаҳон 05 Январь 2017 8492
Фото: Fotolia/ Radoslaw Maciejewski

Янги йилдан сўнг, Польшадаги "кабоб-кафе"ларга бир неча марта ҳужум уюштирилган. Уларнинг келиб чиқиши Шарқ мамлакатларидан бўлган кишиларга тегишли бўлгани хабар қилинмоқда. 

Янги йил кечаси икки номаълум кимса Люблиндаги Superkebab овқатланиш шахобчасини бўяб кетишган. Ҳиндларга тегишли кафе деворларида ИШИД ва Ислом ҳақида, шунингдек, инглиз ва польяк тилларидаги ҳақоратли сўзлар пайдо бўлган. Бир кун сўнгра, Вроцлавдаги эгаси курд бўлган Kebab House кафесига тошлар отилган. Полициячилар атрофни қидирганига қарамай, қоидабузарни топишнинг уддасидан чиқиш имкони бўлмаган. 

Яна бир ҳужум Вроцлавдаги Kuki кафесига уюштирилган. Ғаразгўйлар унинг ойнасини синдириб, ичига ёнувчи аралашмали шиша идишни улоқтиргани оқибатида ёнғин келиб чиққан. 

"Биз ижрочини қидиряпмиз. Унинг ҳаракатлари сабабини билмаймиз ва бу ирқий ҳужум бўлганини ҳам айта олмаймиз. Бироқ, рад ҳам этмаймиз", — деган полиция вакили Павел Петриковский. Унинг сўзларини Gazeta Wyborcza нашри келтирган.

Хабарларга кўра, ушбу кафе эгаси мисрлик Али Нафа бўлиб, у саккиз йилдан бери Вроцлавда истиқомат қилади. 

1 январь куни Польшанинг Элк шаҳрида миллатчилик негизидаги оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди. Янги йил кечаси маҳаллий Prince Kebab кафесида ур-тўполон юз берган, унда 21 ёшли маҳаллий фуқаро ўлдирилганди. Тергов маълумотларига кўра, у икки идиш кока-кола учун пул тўламагани сабаб, тунислик ошпаз ва жазоирлик кафе хўжайини уни қувиб етишган ва уриб ўлдириб қўйишган. Ҳозирда, гумонланувчилар 3 ой муддатга ҳибсга олинган. 

 

Кўпроқ янгиликлар