АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтаётган электроника ва юқори технологиялар соҳасидаги CES 2017 халқаро кўргазмасида Snapdragon 835 процессорининг расмий тақдимоти ўтказилди. Албатта, компания 2017 йилдаги энг қиммат ва энг кучли смартфонларнинг асосини ташкил этувчи платформа ҳақидаги маълумотларни ўтган йилнинг ноябрь ойидаёқ эълон қилган эди. 

Snapdragon 835 процессори - FinFET 10-нм технологиясидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган илк платформадир: ҳажми аввалгиларидан 35 фоизга кичик чип ўтган йилнинг энг қиммат смартфонларида қўлланилган Snapdragon 820/821 билан таққослаганда 25 фоизга камроқ энергия сарфлайди. 

Snapdragon 835 чипининг яна бир эътиборли жиҳати, у фақатгина смартфонлар учун мўлжалланмаган. У виртуал ва қўшимча реаллик дисплейлари, IP камералар, планшетлар, мобил компьютерлар ва бошқа Android ҳамда Windows 10 дастурий таъминотларида ишлайдиган истеъмол қурилмаларида қўлланилиши мумкин. Шундай экан, Qualcomm негизидаги Windows 10 компьютерлари тез орада пайдо бўлса, ажабланарли эмас. 

Snapdragon 835 процессорининг асосий таркиби гигабитли LTE X16 модеми, Adreno 540 график процессори ва Qualcomm Spectra 180 тасвирларни кўрсатиш процессоридан иборатдир.
                                       
Snapdragon 835нинг технологик фарқли жиҳатлари эса қуйидагилардан иборат:

Snapdragon 835 аввалгисидан 25 фоиз камроқ энергия сарфлайди. Бундан ташқари, чип Qualcomm Quick Charge 4 технологияси билан жиҳозланган бўлиб, Quick Charge 3.0 га нисбатан 20 фоизга тезроқ ва 30 фоизга самаралироқ қувватлантиради. 

Янги авлод виртуал реаллик қурилмаларига тўлиқ мослаша олади, Google компаниясининг Daydream платформаси билан уйғунликда ишлаши мумкин.
                
Видео ва фотосуратлар учун 14 битли (dual 14-bit ISPs) Qualcomm Spectra 180 камера процессори қўлланилган, у 32 мегапикселли ёки иккита 16 мегапиксекли камерага эга бўлиш имконини беради.

Snapdragon 835 гигабитли X16 LTE модеми ва 2х2 802.11ac Wave 2 ҳамда 802.11ad мультигигабитли Wi-Fi билан жиҳозланади. 

Ҳозирда, Snapdragon 835 ишлаб чиқариш жараёнида бўлиб, унинг негизидаги тижорий маҳсулотлар 2017 йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқарила бошланади. Улар орасида- Samsung Galaxy S8, LG G6, HTC 11, Sony Xperia XZ (2017), ASUS Zenfone AR каби топ моделлар бор.