Туркия бош вазири ўринбосари Вейси Қайноқ маълум қилдики, Анқара Инжирлик авиабазасидан АҚШ ва коалиция кучлари самолётлари фойдаланишини тўхтатиши мумкин.

Агентлик маълумотига кўра, вазир ўринбосари Туркия ҳукумати ушбу ҳарбий базадан АҚШ ва коалиция кучлари фойдаланишда давом этиши ёки давом этмаслигини муҳокама қилади.

Маълумот учун, Инжирлик авиабазасидан АҚШ ҲҲК ва Туркия икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлик доирасидаги келишув асосида фойдаланади. Ушбу базада Суриядаги террорчилар марраларига зарбалар учун фойдаланиладиган АҚШ, Буюк Британия, Германия, Саудия Арабистони ва Қатар авиацияси жойлаштирилган.

Базада АҚШнинг 50 га яқин B61 ядро бомбаси сақланади. Ҳарбий тўнтаришга уриниш чоғи Туркия ҳукумати АҚШ авиациясига Инжирлик базасидан учиш ва қўнишни ман этди, база қўмондонини эса фитнага алоқадорликда айблади.