Хитойдаги иккинчи энг йирик смартфон ва телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланмиш ZTE корпорацияси янги кўз билан бошқарилувчи смартфон ишлаб чиқаришни муваффақиятли якунлагани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақида 5 январь, пайшанба куни "Сина" ахборот портали хабар берди. 

Манбага кўра, гаджетнинг олд камерасига ўрнатилган махсус техника янги телефонга кўз ҳаракатлари билан таъсир ўтказиш имконини беради. Смартфоннинг ташқи сатҳи махсус материал билан қопланган бўлиб,  уни осонлик билан деворга ёпиштириш, зарурат туғилганда эса яна қайтиб олиш мумкин. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг маълум қилишларича, ҳозирда янги қурилма тажриба босқичида. Шу билан бирга  лойиҳани молиялаштириш масалалари борасида ҳам келишув ишлари олиб борилмоқда. ZTE ушбу маҳсулотини 2017 йилнинг сентябрида оммага тақдим этиши кутилмоқда.