Американинг Alaska Airlines авиакомпанияси Ҳаванага биринчи тижорат рейсини 5 январь куни Сиэтл/Такома халқаро аэропортидан амалга оширди. Бу ҳақда авиаташувчи сайтида хабар берилган.

Ҳаванага самолётнинг парвози 12 соат давом этди. Шу билан бир қаторда, рейс Лос-Анжелесда тўхтаб ўтган.

Шу тариқа, Alaska Airlines АҚШнинг Кубага доимий парвозларни амалга оширувчи саккизинчи авиакомпаниясига айланди.

Маълумот учун, Ҳаванада АҚШнинг Майами шаҳридан 50 йил ичидаги биринчи доимий рейс ноябрь ойида қўнганди. У American Airlines авиакомпанияси томонидан амалга оширилган.