Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихидэ Суга мамлакат ҳукумати Жанубий Кореядаги элчиси Ясумасу Нагаминэни вақтинчалик чақириб олишга қарор қилгани ҳақида маълум қилди. Бу Япониянинг Пусандаги бош консуллиги рўпарасида Иккинчи жаҳон уруши вақтида япон истилочилари томонидан жинсий зўравонликка дуч келган аёлларга ҳайкал ўрнатилишига жавоб чораси сифатида амалга оширилди, деб хабар беради РИА "Новости".

«Бундай ҳаракатлар икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бу номақбул ишдир. Биз Жанубий Кореядаги элчимизни вақтинчалик чақириб олишга қарор қилдик», - деди Суга.

Таъкидланишича, ҳайкал Пусанда Жанубий Корея жамоат ташкилотлари томонидан ўтган йилнинг 28 декабрь куни, маҳаллий ҳукумат билан келишилмаган ҳолда ўрнатилган. Уни ўша куннинг ўзидаёқ олиб ташлашган. Бироқ фаоллар 30 декабрь куни шаҳар маъмурияти тасдиғини олишга муваффақ бўлишди ҳамда ҳайкал Япония дипломатик ваколатхонасига яқин жойда яна ўрнатилди.

Маълумот учун, яна бир шундай ҳайкал Япониянинг мамлакат пойтахти Сеул шаҳридаги элчихонаси ёнида бир неча муқаддам ўрнатилган.