Туркияда ҳужумларни амалга ошираётган террорчилик ташкилотлари битта марказдан назорат қилинади. Террорчиларни қуроллантириб, молиялаштиришади. Бундан кўзланган мақсад – Туркияни тиз чўктириш. Бироқ бу амалга ошмайди ва Туркия ўз йўлида давом этади, деб айтиб ўтди мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Шанлиурфа вилоятида чиқиш қиларкан.

«Курдистон ишчи партияси, ИШИД ва FETÖ (Фатҳуллоҳ Гуленнинг оқими) террорчилари Туркияга зарар етказиш ҳаракатида. Ҳеч ким бу террорчилик ташкилотлари маълум бир кучлар томонидан молиялаштирилиши ҳамда қуроллантирилишини инкор эта олмайди. Туркияга қарши очиқдан-очиқ қарши чиқишга қўрққанлар, ўз мақсадларига террорчилар ёрдамида эришиш истагида», - деди президент.

«Туркия душманлари қаттиқ хато қилишмоқда. Турк халқи ўз тарихи давомида ҳеч бир душман қаршисида тиз чўкмаган», - деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Туркияга ҳужум қилаётган террорчиларни қўллаб-қувватлаётган кучлар эртага айнан шу террорчилар таҳдидига дуч келишади.

Эрдўған Туркия душманлари ўзлари ёққан оловдан ўзлари ёниб, кулга айланишларини айтиб ўтди. «Туркия давлати ва халқининг бирдамлиги сабаб мамлакатимиз бугун жуда кучли. Давлатимиз барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, кўзлаган мақсадига эришади», - таъкидлаб ўтди президент.

«ИШИД билан кураш ниқоби остида ҳар куни Сурия ҳудудларини бомбардимон қилаётганларнинг асл мақсади Туркия бу мамлакатда террорчилар билан кураш бошлаганидан сўнг ошкор бўлди. Кеча Анқарани ИШИД билан курашишда истамасликда айблаганлар, бугун Туркиядан Сурия ҳудудига 20 километрдан ичкарига кирмасликни талаб қилмоқда. Бироқ биз ИШИД тўла йўқолгунга қадар кураш олиб борамиз», - деди президент.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Ироқнинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри – Мўсулда террорчиликка қарши амалиёт Туркияга зарар етказишни кўзда тутган. Шундан сўнг у секинлашиб, Раққадаги амалиёт ҳам қолдирилди. «Агарда сиз ИШИДни ўзингиз курашаётган объект деб эълон қилган бўлсангиз, нима учун курашни тўхтатиб қўйдингиз?», - деган давлат раҳбари.

«Туркия ўз мақсадига яқин қолганини тушунгач, режалар қайта кўриб чиқилди. Бироқ биз кураш бошладик ва уни Ал-Боб ҳамда Мунбични террорчилардан озод этмагунга қадар тўхтатмаймиз», - қўшимча қилди Эрдўған.

«Туркия ва унинг халқини фитналар, террорчилик ёки иқтисодий муаммолар билан йўқ қилиш мумкин эмас», - деган президент.