АҚШ давлат котиби Жон Керри лавозимини тарк этишдан аввал, бўлғуси президенти Дональд Трампни Эрон билан эришилган ядро битимини бекор қилишга уриниш оқибатларидан огоҳлантирди. 

Трамп Теҳрон ядро дастури бўйича эришилган келишувни бир неча маротаба танқид қилган эди. Мазкур битим натижасида БМТ жазо чоралари ва икки томонлама кўплаб санкциялар бекор қилинганди. 

"Биз музокараларни бошлаганимизда Эронда 19 мингдан ортиқ центрифугада ядро ёқилғиси бойитилаётган эди. 12 минг кг бойитилган радиоактив ёқилғи тайёр эди … агар Эрон шу йўналишда давом этишни хоҳлаганида, 10тадан 20тагача бомбани тайёрлашга кифоя қиладиган даражада ядро хом ашёсига эга эди", — деган Керри Вашингтонда ўтказган матбуот анжуманида. 

"Бир томонлама ёндашув ёки музокаралардан тўлиқ бош тортиш бизни иккита салбий натижа қаршисига қўяр эди: булардан бири ядро қуролига эга бўлган Эрон ёки Яқин шарқдаги яна бир можаро. Мен очиқ-ойдин айтмоқчиманки, бу келишувни бекор қилиш бизни ушбу икки ҳолатдан бирига дуч қилар эди", — деб қўшимча қилган Керри.

Унинг сўзларига кўра, "300 кг бойитилган урандан бомба ясаб бўлмайди — Эрон ихтиёрида қолган радиоактив модда миқдори шунчани ташкил этади". Унинг ёдга олишича, Эрон ўз ихтиёрида 5 минг центрифугани сақлаб қолган ва ядро ёқилғисини 3,7 фоиздан ортиқ бойитмаслик мажбуриятини олган. Бу эса, қурол учун уран ишлаб чиқаришга кифоя қилмайди.