NASA’нинг Халқаро коинот станциясидаги фазогирлари Роберт Кимброу ва Пегги Уитсон 6 январда очиқ коинотга чиқиб, станциянинг электр таъминоти тизимини модернизациялаш бўйича ишларни бажаришди.

Коинотга чиқиш белгиланган вақтда ўтди. Фазогирлар коинотга Тошкент вақти билан соат 15:23да чиқишган.

Фазогирлар станция сиртида учта янги литий-ионли батареяларни ўрнатишган ва бошқа қўшимча ишларни бажаришга киришишган. Улар тахминан 6,5 соатча очиқ фазода бўлишлари керак. Кимброу учун бу учинчи, Уитсон учун эса еттинчи очиқ коинотга чиқиш бўлган.

Фазогирларга станциядан ЕКА фазогири Том Песке ва россиялик фазогир Олег Новицкий кўмак кўрсатишган.

Станцияга декабрда 6 та янги литий-ионли батарея 12 та амалдаги водород-никелли батарея ўрнига келтирилган. Эски батареялардан 9 таси станцияни тарк этувчи юк кемаларида олиб кетилиши, қолган 3 таси эса ўчиқ ҳолатда станция сиртида қолиши керак. Бу батареялардан биринчи 6 таси Япониянинг "Конотори-6" юк кемасида январь охирида станцияни тарк этиши керак.

NASA’да таъкидланишича, янги батареяларнинг ўлчами аввалгилардан кичикроқ ва шу билан бирга, кўпроқ энергияга эга ва фойдаланишда унумлидир.