Германиянинг Бремерхафен портига кириб келган юк кемаси денгиз тўфони вақтида пластик тухумлар юкланган контейнерни тушириб юборди. Пластик ўйинчоқлар тўлдирилган контейнер эса, денгизда сузиб, Лангеоог ороли соҳилига чиқиб қолди, деб хабар қилмоқда AP агентлиги.

Сайёҳлар фарзандлари билан бирга Лангеоог ороли соҳилларида пластик «тухум»ларни тўпламоқда, Германия, 5 январь. Фото DP

Ҳар бир идишча ичида митти ўйинчоқлар ва рус тилидаги қўлланма бўлган. «Киндер-сюрприз»лардан ташқари, соҳилбўйида LEGO ўйинчоқларини ҳам топиш мумкин.

Ўйинчоқлар «Аксель» циклони туфайли вужудга келган кучли тўфон сабаб соҳилга чиқиб қолган, деб изоҳлайди NDR. Данияга тегишли юк ташувчи кема бортидан Maersk фирмасига тегишли 5та контейнер денгизга қулаган. Бироқ ҳаво билан тўла «тухум»лар ва пластик конструктор уларни сув юзасида сақлаб қолган. 

Маҳаллий сайёҳлик бюроси вакилларининг айтишларича, 500 метрли чўмилиш дам олиш масканини пластмасса ўйинчоқлардан зудлик билан тозалаш зарур, чунки навбатдаги тўфон уларни денгизга олиб кетиши мумкин. Шунга кўра, маҳаллий ҳукумат бу ишга маҳаллий болалар боғчасини ёрдамга чақиришга қарор қилган.