Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қамрови мазмун-моҳият жиҳатидан серқирралиги билан эътиборни ўзига жалб этади.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан мақсад — суд орқали инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилиш механизмини замонавий давлатчилик талабларига мослаштириш ҳамда жамият эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда суд органлари фаолиятида одил судлов даражасини оширишдан иборатдир.

Авваламбор, Конституциямизда суд ҳокимияти фаолиятига тегишли  қатор меъёрлар ўзининг аниқ ифодасини топганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.

Шу боис Фармонда энг муҳим вазифалардан бири сифатида айнан "суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш" белгилаб қўйилгани бежиз эмас, албатта.

Фикримизча, бу ҳолат барча судлар, яъни фуқаролик, жиноят ва хўжалик судлари томонидан ишларни муҳокама қилиш ва тегишли қарорлар — ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча босқичларда (биринчи инстанция, апелляция, кассация ёки назорат тартибида) бирон-бир мансабдор шахснинг бевосита аралашиши мумкин эмаслигини англатади. Бинобарин, Конституциямиз, "Судлар тўғрисида"ги қонун ва Жиноят-процессуал кодексида "судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар", деган принцип ўз ифодасини топган.

Мазкур тамойил судьянинг фаолият кўрсатишида мустақиллиги кафолатланганидан далолат беради. Шу билан бирга, барча суд тармоқларидаги судьялар ўз иш юритувидаги ишларни мазмунан ҳал этишда фақат тегишли қонунлар талабларига қатъий риоя қилишлари, қонунлар талабидан оғишмаган ҳолда қарор қабул қилиши лозимлигини англатади.

Фармонда белгиланган муҳим вазифалардан яна бири — нафақат суд органлари, шу билан бирга, ушбу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат билан фаолияти қамраб олинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, давлат органларидаги юридик хизматлар масъул ходимларининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш юзасидан масъулиятини янада ошириш зарурлиги қайд этилгани ҳисобланади. "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинганидан буён мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатини ҳал этишнинг ҳуқуқий механизми тубдан ўзгарганидан барчамиз хабардормиз. 

Мисол учун ҳукумат порталига фуқаролар томонидан йўлланган ариза ва шикоятлар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар томонидан шошилинч чоралар кўрилаётгани, бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатининг устуворлигига эътибор берилаётганини кенг жамоатчилик эътироф этаётганини қайд этиш жоиз. Шу ўринда Биринчи Президентимизнинг "ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаати учун", деган пурҳикмат ғоялари изчил ва тизимли давом эттирилаётгани ҳар бир фуқаронинг қалбига  қувонч бағишлаши баробарида, келажакка ишонч билан яшашга ундаётганини таъкидлаш даркор.

Фармонда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида нафақат содир этилган у ёки бу турдаги ҳуқуқбузарликлар ёки низолар юзасидан айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тарзда жавобгарликка тортиб тегишлича қарор қабул қилиш, шу билан бирга, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг сабаблари ва уларнинг келиб чиқиш шарт-шароитларини чуқур ўрганиш, аниқлаш баробарида қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан мақсадли ва самарали чоралар кўришга қаратилган муҳим вазифалар белгилангани эътиборга молик. Мазкур вазифалар замирида судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахсларидан ўз "фаолиятини ташкил этишда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан" таклифларини тегишлича юборишга эътибор беришлари шартлиги мужассам.
Мазкур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатда, шунингдек, "юксак ахлоқий-идоравий ва касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш" масаласи муҳим вазифалардан бири этиб белгилангани ҳам айни муддаодир. 

Эътиборли жиҳати шундаки, Фармоннинг иккинчи бандида судьялик лавозимига тайинлаш (сайлаш) муддатларига қатъий аниқлик киритилган. Яъни судьялик лавозимига биринчи маротаба тайинлаш беш йилга, иккинчи маротаба — ўн йил, кейингисида муддатсиз тайинланиш (сайланиш) имкони яратилмоқда. Бу судьяларнинг ёши, малакаси, касб маҳоратини инобатга олган ҳолда узоқроқ муддатга фаолият кўрсатишини кафолатлайди. Бу эса, аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширади, судьяларнинг эса, узоқ йиллар давомида лавозимини сидқидилдан бажаришига ва ниҳоят, суднинг ҳокимият тармоғида нуфузини ортишига мустаҳкам замин яратади. 

Мазкур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатнинг учинчи бандида амалдаги қонун ҳужжатларини янги мазмун-моҳиятли меъёрлар билан бойитишга тааллуқли муҳим масалалар акс этган. Уларни ҳал этиш муддати ҳам белгиланган. Яъни 2017 йилнинг 1 апрелигача Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик-процессуал, Хўжалик-процессуал кодекслар, шунингдек, "Судлар тўғрисида"ги қонун ва бошқа қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш йўли билан Фармон талабларини бажариш чоралари кўрилади. 

Жумладан, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддатини (72 соатдан 48 соатгача) қисқартириш; қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларига мутаносиб равишда дастлабки тергов муддатларининг энг кўп муддатини камайтириш (1 йилдан 7 ойгача); тергов ҳаракатлари сирасига кирган почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун судлар томонидан санкция бериш; қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда суд томонидан бошқа муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш; суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институтини бекор қилиш, яъни Жиноят-процессуал кодексининг умумий қисми билан боғлиқ бешта институтни такомиллаштириш юзасидан пишиқ ва пухта қонун лойиҳаси қабул қилинади. 

Фармоннинг бешинчи банди "қонун ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик ўртасида, шу жумладан, давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ўтказиш орқали кенг муҳокама қилишни ташкил этиш"ни назарда тутади. Айнан шундай ёндашув Фармоннинг ижросини тўлиқ таъминлайди.

Мазкур Фармон  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-моддаси талабини тўлиқ амалга оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Яъни Олий суд таркибида фуқаролик, жиноят судлари билан бир қаторда энди маъмурий судларнинг ташкил этилаётгани юртимизда 2000 йилда асос солинган судларнинг ихтисослашувини янада кучайтиради.

Унинг Ўзбекистонда ташкил этилиши суд ҳокимиятининг тармоқларга бўлинишини таъминлаш билан бирга, жаҳондаги кўпчилик ривожланган давлатларда бўлгани сингари, маъмурий судларнинг алоҳида фаолият кўрсатишига эришиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, одил судловга эришиш даражасини янада мукаммаллаштиради.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида белгиланган вазифалар асосида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўналишидаги ҳуқуқий ечимини топиши зарур бўлган қатор муҳим ва долзарб масалалар бўйича қонунларнинг қабул қилиниши аҳолининг давлатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсатга ишончини янада оширмоқда. Шунинг баробарида, бу дадил қадам ҳокимият тизимида судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлайди ва одил судлов даражасини халқаро талаблар билан уйғунлаштириб, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишимизга беназир хизмат қилади.

Азиз Обидов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот котиби.