АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп махсус хизматлар томонидан киберҳужумлар ҳақида тайёрланган махфий ҳисоботнинг ОАВда пайдо бўлиши хусусида фикр билдирди. У ҳисоботдаги маълумотлар дастлаб матбуотда пайдо бўлгани, хулоса россиялик хакерлар ҳужумига учрагани уқдирилаётган Демократик партия серверларини ўрганмасдан тузилганидан ҳайратда эканини таъкидлаган. Трамп бу ҳақда Twitter микроблогида ёзган, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

"NBC "(АҚШ президенти Обама) эълон қилган махфий ҳисоботнинг эксклюзивини қандай қўлга киритган?" Бу ҳисоботни уларга ким, нима учун берди? Сиёсатчилар!", — деб ёзган Трамп.

Бундан ташқари, сайланган президент "Демократик партия руслар ҳужумига учраган серверларини ўрганиш учун Федерал қидирув бюросига қандай қилиб тақдим этмаслиги мумкинлигини…" танқид қилган.

Аввалроқ, Американинг қатор телеканаллари Россиянинг АҚШ сайловларига аралашганини исботловчи махфий ҳисобот тафсилотлари маълум бўлгани ҳақида хабар қилган эди. Хусусан, Россия ва WikiLeaks ўртасидаги воситачи кимлигига ойдинлик киритилган.

АҚШ махсус хизматлари 5 январь куни Россиянинг АҚШ президентлик сайлови кампаниялари чоғида киберҳужумларни амалга оширганига доир масала бўйича Конгрессга кўрсатма берган эди. 

Россия президенти Владимир Путин бир неча марта бу каби айбловлар асоссиз экани, қолаверса, ошкор қилинган маълумотларда Россия манфаатларига жавоб берадиган ҳеч нарса йўқлиги, шов-шув эса, унинг мазмунидан эътиборни чалғитиш учун қасддан амалга оширилаётганини таъкидлаган эди.