АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп мамлакатнинг Мексика билан чегараларида Лотин Америкаси мамлакати ҳисобига девор қуриш фикридан қайтди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар қилмоқда.

Хабарларга кўра, республикачи президент лойиҳани Америка бюджети ҳисобидан молиялаштириш таклифи билан Конгрессга мурожаат қилади. 

Шу билан биргаликда, Politico нашрининг қайд этишича, Трамп маъмурияти 2006 йилда АҚШ президенти Жорж Буш томонидан Мексика чегарасида 700 кмлик девор барпо этишни кўзда тутувчи қонун имкониятидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Таъкидланишича, ўша вақтда лойиҳа амалга оширилмаган. 

Айтиш жоизки, Мексика ва АҚШ ўртасида чегара девори қуриш Дональд Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири ҳисобланади. У, шунингдек, Мексика ва Канада билан эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги келишув (NAFTA)ни ҳам бекор қилишини айтган эди.