Туркия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мевлуд Чавушўғли Инжирликдаги авиабазани АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ҳарбий ҳаво кучлари учун ёпиб қўйиш кун тартибида эмаслигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Туркияни ИШИД билан курашда коалиция томонидан қўллаб-қувватланиши ҳам етарли даражада эмас. У бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерреш билан Нью-Йоркдаги учрашуви чоғида маълум қилган, деб хабар беради Anadolu агентлиги.
 
Вазирнинг сўзларига кўра, айни дамда авиабазани ёпиш масаласи муҳокама қилинмаяпти, бироқ ундан ИШИД билан кураш мақсадида фойдаланаётган, аслида эса ҳеч нарса қилмаётган давлатларга “Инжирликда жой йўқ”.

“Сўнгги пайтларда халқаро коалиция Туркиянинг террорчилар билан курашдаги хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватламаяпти. Агарда бу коалиция ИШИД билан кураш мақсадида тузилган бўлса, Туркия эса ўз томонидан террорчиларга фаол тарзда қаршилик кўрсатиш учун барча шароитларни яратиб берган бўлса, Анқара нима учун керакли кўмакни олмаяпти?”, деб маълум қилди Чавушўғли.

“Туркия жамоатчилиги бунинг барчасини кўриб туриб, табиий савол билан мурожаат қилмоқда: "Агарда Туркияга ёрдам беришмаса, Инжирликдаги авиабазадан нима учун фойдаланишмоқда?", дея хулоса қилди Туркия ТИВ раҳбари.

Аввалроқ, Туркия бош вазири ўринбосари Вейси Қайноқ Анқара АҚШ бошчилигидаги коалиция кучларининг Инжирлик авиабазасида жойлашиши масаласи қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, ҳарбий базанинг коалиция ва НАТО кучлари томонидан ишлатилиши борасидаги масала Туркия ҳукуматининг кун тартибида бўлган.

Оқ уй расмий вакили Жон Эрнест эса америкалик ҳарбийларнинг Туркияга тегишли бўлган Инжирлик базасидан фойдаланишларини чеклаб қўйиш Вашингтоннинг Анқарага ИШИД билан курашда кўрсатаётган кўмагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган фикрни билдирган. 
Эрнестнинг сўзларига кўра, "Туркия НАТОнинг жуда муҳим иттифоқдоши ҳисобланади" ва Вашингтон Анқарага ИШИД билан курашда қўшимча кўмак беришга тайёр.

Маълумот учун, Инжирлик авиабазаси АҚШ ва Туркия ҳарбий ҳаво кучлари томонидан ишлатилади ҳамда унинг фаолияти икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим билан тартибга солинади. Базада АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияга кирувчи ва ИШИД террорчилик гуруҳига қарши ҳаво орқали ҳарбий амалиётда иштирок этадиган мамлакатлар самолётлари жойлаштирилган.