2017 йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти (бизнес омбудсман) - тадбиркор аёллар фаолияти ривожи йўлида” мавзусида Республика видео-семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Kun.uz’га хабар берди.

Бугунги кунда 14 минг нафардан зиёд ишбилармон аёлларни ўз сафига бирлаштирган Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан бизнесини бошламоқчи бўлган аёлларга кўмаклашиш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, пировардида янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Жумладан, ўтган даврда 24 минг нафардан ортиқ хотин-қиз бизнес асосларига ўқитилди, 16 мингдан зиёд вақтинча ишсиз аёлларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга йўналтирилди, 130 мингдан кўпроқ янги иш ўринлари ташкил этилди. 

Айнан шу мақсадлардан келиб чиқадиган вазифаларни янада чуқурлаштириш ва жадаллаштириш мақсадида 2016 йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг имзоланиши тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. 

Видео-семинар иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, Фармонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назорати шакилларини кучайтириш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш белгиланган.

Бундай вакиллик институти фаолияти йўлга қўйилиши тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилик меъёрларига тўлиқ риоя этилиши юзасидан ижро интизомини такомиллаштиришда мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.

Видео-семинарда хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланганлиги, хусусан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат дастурларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида қатор қонунларни, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида” ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилганлиги таъкидланди.

Маърузачилар томонидан видео-семинар иштирокчиларига Дастурга мувофиқ жиноят ишлари бўйича текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартибининг аниқ ҳуқуқий тартиботини белгилаш учун “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунга, Жиноят-процессуал кодексига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тўғрисида маълумотлар берилди.

Республика видео-семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси, тадбиркорлик субъекти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.