«Арсенал» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер Алексис Санчеснинг жамоадан кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга яна бир бор изоҳ берди. Ушбу футболчи билан лондонликларнинг амалдаги шартномаси муддати 2018 йилгача ва бу шартнома ҳали узайтирилмади.

«Мен ишонч билдираманки, биз келишувга эриша оламиз. Қачонки футболчи жамоада ўйнашни истаётган экан, келишиш ҳамиша осон кечади. Биз албатта келишиб олишимиз мумкин. Аммо биз футболчиларни деб клубни хавф остида қолдирмаслигимиз керак.

Нима бўлганда ҳам биз ўзимизга керак бўлган футболчиларни олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Биз пул харажат қилишдан , футболчиларимизга меҳрибонлик қилишдан чўчимаймиз. Биз уларни бой қилишни истаймиз, аммо бу ўзимизга зарар келтирмаслиги керак», — дея Венгернинг сўзларини келтирган The Telegraph.

Бундан олдинроқ Арсен Венгер Месут Ўзил ва Алексис Санчес жамоада қолишни истаётгани ҳақида билдирганини маълум қилганди.

Санчесга «Манчестер Сити», «ПСЖ» «Ювентус», «Интер» клубларидан жиддий қизиқишлар мавжуд.

Ўзил эса «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Реал» қизиқишлари доирасида турибди.