Германия Федератив Республикасининг амалдаги ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер январь ойи охиригача ўз лавозимини бажариши мумкин. 29-30 январь кунлари бўлиб ўтадиган Германия Социал-демократик партияси съездида партиядан мамлакат канцлерлиги учун номзод масаласи муҳокама этилади. Бу ҳақда Bild нашри ёзмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, шундан сўнг, Европарламентнинг ҳозирги раиси Мартин Шульц Германия ТИВга раҳбарлик қилади. Bild газетасининг уқдиришича, социал-демократлар етакчиси Зигмар Габриэль номзоди канцлерликка илгари сурилади.

Штайнмайер ноябрь ойида ГФРнинг ҳукмрон коалицияси томонидан Германия президентлигига илгари сурилган эди. Давлат раҳбарини сайлайдиган махсус орган Федерал кенгаш 12 февралда йиғилади. Мамлакатнинг амалдаги президенти Йоахим Гаук ўтган йилнинг июнь ойи бошларида иккинчи муддатга ўз номзодини қўймаслигини билдирган эди.