Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф жаҳон ҳамжамияти эътиборини Мьянмадаги Роҳиня мусулмонларининг диний ҳуқуқлари поймол этилаётганига қаратмоқда. У БМТ бош котиби Антониу Гутеррешга йўллаган мактубида ушбу муаммо юзасидан халқаро даражада чоралар кўришни талаб қилган, деб хабар қилмоқда PressTV.

Мьянманинг Ракхайн штатидаги вазият издан чиқишига, асосан, совуқ қуроллар билан қуролланган роҳиня (этник бенгаллар) жангариларининг штатдаги чегара постлари ва ҳарбий қисмларга ҳужум қилгани сабаб бўлган. Бунга жавобан, ҳукумат кучлари аҳоли пунктларини жангарилардан тозалаш ишларини кескин тарзда ўтказган эди. Оқибатда тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлган. Агентлик маълумотларига кўра, 30 мингга яқин роҳинялик мусулмонлар уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Турли мусулмон мамлакатлар ҳукуматлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, хусусан, Малайзия давлати Мьянма ҳукумат қўшинларининг Ракхайн штатидаги ҳаракатларини "геноцид" деб баҳолади.

Зариф ўз мактубида Мьянма ҳукуматини роҳиня мусулмонлари ҳуқуқларини зудлик билан самарали ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўришга чақириб, Гутеррешни жаҳон ҳамжамияти ва мусулмон дунёси номидан ушбу давлат ҳукуматига мурожаат қилишни ҳамда жабрланганларга гуманитар ёрдамларни етказиш учун шароит тақдим этишни талаб қилишга ундаган. 

Ракхайн штатидаги мусулмонлар ва буддавийлар алоҳида истиқомат қилади. Мьянма қонунчилигига кўра, ўзларини роҳиня деб атовчи этник бенгаллар бир неча авлодлар мобайнида ушбу ҳудудда истиқомат қилишларига қарамай, мамлакат фуқаролари ҳисобланмайди. Аксарияти буддавийлик динига эътиқод қилувчи Мьянма аҳолиси роҳиняларнинг фуқароликка қабул қилинишига қарши. Ҳуқуқий жиҳатдан, Мьянмадаги бенгаллар қўшни Бангладешдан келган қочқинлар ҳисобланади.