АҚШнинг Флорида штати губернатори Ричард Скотт штатдаги аэропортда отишма содир бўлгандан кейин АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обама билан эмас, балки ҳали ўз лавозимини бажаришга киришмаган янги президенти Дональд Трампга қўнғироқ қилди. Бу ҳақда CBS’га иқтибос келтирган ҳолда RT хабар бермоқда. 

"Мен сайланган президент Трампга қўнғироқ қилдим ва у ҳамда вице-президент Пенс билан уларни вазиятдан хабардор қилиб туриш учун бир неча марта гаплашдим. Улар федерал ҳукуматнинг қандай кучларига эҳтиёж сезишимиздан қатъи назар, қўлларидан келган барча ишни қилишга ваъда бердилар", деб айтди Флорида губернатори.

Скотт Обама билан боғланмаганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, Обама ҳам Флорида губернатори билан боғланишга уринмаган.

Эслатиб ўтамиз, 6 январда Флориданинг Форт-Лодердейл шаҳридаги халқаро аэропортда бир эркак отишма содир этган. Бунинг оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, яна 13 киши яраланган. Жиноятчи қўлга олинган, унинг ёнида Эстебан Сантьяго номига ҳарбий ҳужжат бўлган.