Олий Рада депутати Сергей Пашинский Днепропотровск вилояти губернаторининг собиқ ўринбосари Геннадий Корбанга Украина ҳукуматини эгаллаб олишни таклиф қилган. Украина президенти маъмурияти раҳбарининг собиқ ўринбосари Андрей Портновнинг Facebook саҳифасида эълон қилган телефон суҳбатининг ёзуви шундай дейишга асос бўлмоқда. 

«Страна.ua» нашрининг ёзишича, суҳбат бўлиб ўтган 2014 йил кузида олигарх Коломойскийнинг ишончли вакили ҳисобланган Корбан Днепропетровск вилоят маъмуриятида ўз лавозимини эгаллаб турган эди. 

Мулоқотда Пашинский суҳбатдошига ҳукуматни эгаллаб олишни ва «мамлакат фаровонлиги учун давлатни бошқариш»ни таклиф этган. Бунга жавобан, Корбан асаби чиқади ва «бунақа нарсаларни гапирмаслик»ни сўрайди.

Пашинский бунга жавобан Порошенконинг «дўсти» эканини таъкидлайди. «Биз ҳукуматни президент учун эгаллаймиз», — деган у. Шу билан бирга, депутат Порошенко атрофидаги, ўз наздида душманларни «биринчи бўлиб отиш»ини айтади. «Улар ҳеч нарсани билмайди. Ҳатто ўғирлашни ҳам эплашолмайди!» — деб қўшимча қилган Пашинский. 

Украина Бош прокуратураси 2017 йил 4 январда маълум қилганидек, Пашинский Евромайдон чоғида содир этилган отишмалар билан боғлиқ жиноий ишларга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Тергов томони 2014 йил 18 февралида Пашинский Майдон иштирокчилари мерган милтиғини топиб олган автомобиль эгаларининг ғойиб бўлишига ёрдам берганини аниқламоқда. 

2016 йил июлида Украина Бош прокурори Юрий Луценко, терговчилар Майдон фаолларига ўқ узилган мерганлар милтиғи топилганини маълум қилган эди. У Киевнинг Голосеев туманидаги парклардан бирида топилган.