Украина пойтахти Киев шаҳри Печер туман суди мамлакатнинг собиқ президенти Виктор Януковичга тегишли ҳовли-жой, хонадон ва кемани ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда "Украинские новости" агентлиги суд қарорига асосланган ҳолда хабар қилмоқда. Печер туман суди 2016 йил 29 декабрда шу мазмунда хулоса қилган. 

"Прокуратура собиқ президентнинг мол-мулки, аниқроғи, ҳовли-жой, хонадон, 2 та  гараж, ярим ер ости паркингидаги 2 та машина турар жойи ва 2000 йилда барпо қилинган бриг (икки мачтали тик елканли кема)ни ҳибс қилишни сўради… Суд бу талабни тўлиқ қаноатлантирди", — деб ёзади агентлик.

Ахборот агентлигининг қайд этишича, Янукович Украина Жиноят кодексининг "давлатга хиёнат", "Украина давлат чегараси ва ҳудудини ўзгартириш мақсадида қасддан ҳаракатларни амалга оширишга ёрдам бериш" ва "агрессив уруш олиб боришга ёрдам бериш" каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.