Суриянинг Азаз шаҳрида содир этилган портлаш оқибатида жароҳатланганлар 100 кишидан ошиб кетди, деб маълум қилди Sputnik ахборот агентлиги. 

Sputnik манбаларининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар сони ўзгаришсиз қолган, яъни 60 кишини ташкил қилмоқда, жароҳатланганлар сони эса 110 нафаргача ошган.  

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар "Аҳрор аш-Шом" мухолиф гуруҳи жангариларидир. Миналаштирилган автомобиль уларнинг суд органи штаби ёнида портлатилган. 

Азаз Сурия мухолифати томондан назорат қилинади ва Суриянинг шимолида, Туркия билан чегарадош ҳудудда жойлашган. 

Теракт учун жавобгарликни ҳозирча бирорта ҳам террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олмади.