Тафаккур гулшани: Мўминларнинг молини ноҳақ ўзлаштирадиган кишилар ҳақида

Жамият 07 Январь 2017 7239

Инсонлар ўзларига берилган қимматли умрни беҳуда ишлар билан ўтказишлари дуруст эмас, албатта.

Лекин орамизда баъзи бир одамлар борки, вақтларини зое кетказиб, қимматли умрларини гуноҳ ишларга сарф этадилар. Маст қилувчи ичимликларни ичиб, талончилик, бузғунчилик ва ўғирликка қўл урадилар. Юзларидан ҳаё пардаси кўтарилиб, ор-номусдан айриладилар.

Бир куни Илм ва Ор-номус учрашиб қолибди. Илм айтибди: «Агар мен йўқолиб қолсам, масжид ва мадрасалардан изланглар». «Агар мен йўқолиб қолсам, - дебди Ор-номус, - излаб, овора бўлманглар, ҳеч қаердан тополмайсизлар...».

Дарҳақиқат, ор-номусидан айрилиб, шаънига доғ туширган инсонлар аввалги мартабаси-ю, мавқеини тиклаб олишлари даргумон. Бу уларнинг ҳаётида бир умр қора доғ бўлиб қолади. Айниқса, ўғирлик қилиб қўлга тушган инсондан ҳамма қочади. Ўғри деган ном тавқи лаънатдек ҳамиша унинг исмига тақалади. Ҳамма тинч, фароғатда яшаса, ўғри доимо ҳавфда, изтиробда, пана-пастқамда умр кечиради. Унинг ёмонлигидан одамлар нотинч бўлади.

Ундайлар ҳақида Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дебдурлар: «Қиёмат кунида одамларнинг энг паст даражалиси дунёда одамлар унинг ёмонлигидан нотинч бўлган кишидир».

Бошқа бир Ҳадисда эса: «Мўминларнинг молини ноҳақ ўзлаштирадиган кишилар Қиёмат кунида дўзахга тушурлар», дейилган.

Абу Лайс Ас-Самарқандий ҳазратларининг «Танбеҳул ғофилийн» асарида бу ҳақда қуйидаги жумлаларни ўқиш мумкин: «Ким ўн дирҳам ўғирласа, унинг қўли кесилади. Мусулмон кишининг қўли ўн дирҳамнинг ҳурматидан эмас, балки икки иш сабабидан кесилади: мўминлар ҳаётини оёқ-ости қилгани ва Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлмагани учун. У бошқанинг молига кўз олайтирди. Тангри таоло унинг қилган иши сабабли жазо сифатида ва Яратганнинг бошқа тақсимотига рози бўлмайдиганларга ибрат учун кесишга буюрди».

Босқинчилик қилиб, бировларнинг қонини тўкиб, молини талаётган ёки пайт пойлаб ўғирлик қилган кишилар ўзларини мўмин деб аташга ҳақлари йўқ. Чунки Ислом дини кишиларни иймон ва инсофга чорлаб, уларни ҳаромдан, бузғунчиликдан қайтаради.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб дебдурлар: «Мўмин одамни сўкиш - фосиқлик, ўлдириш - кофирликдир. Унинг моли ҳурмати - қонининг ҳурмати кабидир, яъни, қонини тўкиш қандай ҳаром бўлса, молини олиш ҳам шундай ҳаромдир».

Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна бир Ҳадисда: «Ўғирлик - катта гуноҳ. Хатто, ўғирланган молни билиб туриб сотиб олган одам ҳам шу гуноҳга баробар шерикдир», - деб марҳамат қилибдур.

Донишмандлар дебдурлар: «Ҳар ким алам ва ситам дарахтини экса, уқубат ва азоб мевасини териб олади».

Ислом жамиятида яшаётган кишиларга, ким бўлишидан қатъи назар, яхши ҳаёт кечириш ҳақини беради. Уларни тўғри йўлда тарбиялайди. Ижтимоий ҳаётда адолатни ўрнига қўяди. Шахсий мулкнинг ҳалол йўл билан ривожланишига эшикни кенг очиб қўяди. Жамият аъзоларининг ижтимоий таъминотини ҳам йўлга қўяди.

Кишиларни ўғирликка бошлайдиган омилларнинг олдини олади. Ана шундан кейингина ўғрининг қўлини кесишга ҳукм чиқаради.

Ислом ҳар бир инсонга яхши ҳаёт кечириш ҳақ-ҳуқуқини бериши инсонларнинг яхши еб-ичиши, кийиниши, турар жойга эга бўлишида ўз аксини топади. Бу нарсага эришишнинг асосий йўли ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнатидир. Ислом жамияти аъзоларига ҳалол меҳнат ила касб қилишга тўлиқ шароит яратиб беришга масъул. Фуқаронинг ҳунари бўлмаса, ҳунар ўргатади. Ҳунарини рўёбга чиқаришга имкон ё майдон бўлмаса, ўша имкон ва майдонни яратади. Иш топиб беради. Агар ушбу омилларни ишга солиб ишласа ҳам, топгани кун кечиришга етмаса ёки бошқа сабаблар туфайли ишлай олмаса, Ислом шариати бўйича, бошқа томонлардан ёрдам олади. Аввало, иқтисодий жиҳатдан ҳолати яхши бўлган яқин қариндошларидан унга нафақа жорий қилинади. Ёки бу иш яшаб турган жойидаги бой кишилар зиммасига юкланади. Унга ҳам имкон бўлмаса, мусулмонларнинг байтул моли–хазинасидан нафақа олади. Унда ҳам етарли бўлмаса, давлат бой фуқаролардан олиб беради. Шунча ғамхўрлик ва яхшиликлари бор жамиятда одам ўғирлик қиладими? Агар шунда ҳам ўғирлик қилинса, қўлини кесишга лойиқ иш бўлмайдими бу?!

Ҳазрати Умари Одил (розияллоҳу анҳу) халифалик вақтларида йўлда кетаётиб, тиланиб ўтирган қари одамни кўриб қолибдилар.

«Бу ким?» деб сўрабдилар.

«Бу фалончи яҳудий, қариб ишга ярамай, шу ҳолга тушиб қолди», дейишибди. Ҳазрати Умар:

«Ёшлик чоғида ундан жизя олсак-у, қариганида шу ҳолда ташлаб қўйсак, адолатдан бўлмайди», дебдилар-да, ҳалиги яҳудийга байтул молдан нафақа белгилабдилар. Кўриниб турибди-ки, мазкур имтиёздан мусулмон эмаслар ҳам фойдаланади.

Ислом жамияти аъзоларини тўғри йўлда тарбия қилади. Уларнинг тарбияси иймон асосига, Аллоҳдан қўрқиш, қиёматдан умидвор бўлиш асосига қурилади. Ризқни ҳалол йўл билан топиб ейиш ҳар бир мусулмоннинг вожиби эканлигини чуқур тушунтириб тарбия қилинади. Ўғирлик гуноҳ экани, бировнинг молини ботил йўл билан ейиш гуноҳ экани, ўғри гуноҳкор экани, унинг шариат ҳукми бўйича қўли кесилиши тушунтириб тарбия қилинади. Ана шундан кейин ҳам ўғирлик қилганнинг қўли кесилмасинми?

Исломий жамият ижтимоий адолатни ўрнига қўяди. Бу жамиятда бировнинг ҳақини бошқаси емайди, зулм йўли билан тортиб олмайди. Ҳар ким ҳалол меҳнатига яраша ҳақ олади. Унинг меҳнати капиталист ёки давлат томонидан таҳқирланмайди. Жамият мулки ҳисобланган нарсаларда ҳар бир инсоннинг тегишли ҳақи бор, улардан фақат давлатбошилар ёки баъзи шахслар ва оилаларгина фойдаланмайди. Ислом жамияти шахсий мулкни ривожлантиришга кенг йўл очиб қўяди. Одамлар ҳалол йўл билан қанча кўп молу мулк топса, шунча яхши. Давлат улардан молу мулкларини тортиб олмайди. Бошқа кишилар уларга ҳасад қилмайди. Мана шундай шароитда яшаб туриб ҳам, ҳалол меҳнатга ҳаракат қилмай, бировларнинг ҳақини ҳаром йўл билан олишга чўзилган қўл кесилса, арзимайдими?!

Ислом жамияти аъзоларининг ижтимоий таъминотларини яхшилаб йўлга қўяди. Аввало, ночор кишиларнинг нафақасини яқин қариндошларига Аллоҳнинг олдидаги диний бурч сифатида вожиб қилади. Ота фарзандаларига, эр хотинига, ака укаларига, фарзанд ота-онасига ва ҳоказоо нафақа бериши шарт. Яъни, бой қариндошлар ночорларига нафақа беришлари вожиб. Ихтиёрлари билан беришмаса, қози ҳукм чиқариб мажбур қилади. Фиқҳ китобларимизнинг нафақа бобида бу масалалар кенг ёритилган. Ночор инсоннинг яқин қариндоши бўлмаса, унга давлат ёрдам беради, бой мусулмонлар нафақа беради. Иш берувчи ишчига нафақа беради ва ҳоказо. Агар бу чоралар қўлланмаган бўлса, ўғирлик содир этилса, қўлини кесишга ҳукм чиқаришга давлат ҳақли бўла олмайди.

Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига Музайна қабиласидан бировнинг туясини ўғирлаганлари учун бир неча йигитни ушлаб олиб келдилар. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) уларнинг қўлини кесишга амр қилдилар. Шунда баъзилари бу йигитлар Ибн Ҳотиб ибн Балтаъа исмли кишининг йигитлари эканини, хўжайинлари уларга овқат бермаганидан туя ўғирлаб сўйиб ейишга мажбур бўлганларини айтдилар. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ҳукмни дарҳол бекор қилдилар. Хўжайинни чақириб келиб койидилар ва ўғирланган туянинг баҳосини икки баробар тўлашга амр қилдилар.

Шунчалик имконлар бўла туриб, ўғриликка борган қўлни, албатта, кесиш зарур!

Айни чоғда, шариат бўйича, бировни ушлаб келиб, манави ўғри экан, дейилса, дарҳол қўли кесилавермайди. Бу тадбирнинг ўзига яраша тартиб ва қоидалари бор. Буларни бир чеккадан яхшилаб тушуниб олиш керак.

Аввало, ўғирлик нима – шуни билиб олайлик. Шаръий истилоҳда ўғирлик–бировнинг беркитилган молини махфий суратда олиш.

«Беркитилган» деганимиз қаровсиз қолмаган, деган маънони англатади. Омборга қўйиб қулфланган ёки қоровул қўйилган бўлса, мол беркитилган бўлади. Қаровсиз қолган молни ўғирлаган одамнинг қўли кесилмайди, аммо бошқа чора кўрилади. Беркитилган жойдан чиқиб қолган, омборнинг эшиги очиқ қолиб, ундан кўриниб турган ёки мол бор жойга кириб-чиқиб юришига рухсат берилган одамларга нисбатан ҳам, агар молдан олсалар, бошқа чора кўрилади.

Энг муҳим шартлардан бири – беркитилган жойдан ўғирланган мол Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларидаги чорак динор қимматга эга бўлиши керак. Ундан оз бўлса, ўғрининг қўли кесилмайди. Унга бошқа чора кўрилади.

Энди қўли кесилиши лозим бўлган ўғрига бу жиноят қандай тарзда собит бўлади? Яъни, қозихона бу одамнинг айбдор-жиноятчилиги собит бўлди, қўли кесилсин, деб қачон ҳукм чиқара олади? Ўғрилик собит бўлиши, аввало, ўғрининг шахсий эътирофи ила бўлади. У эътироф қилгандан сўнг юқоридаги шартлар текшириб чиқилади. Тўғри келса, яна бир бор ўғридан бу ишни тушуниб қилган-қилмагани сўралади. Ана шундан сўнг ҳукм чиқарилади.

Яна ўғрилик икки адолатли кишининг гувоҳлиги билан ҳам собит бўлади. Гувоҳ адолатли бўлиши жуда муҳим. Яъни, умри бўйича шариатга хилоф қилмаган, ёлғон гапирмаган, аввал гувоҳлиги нотўғри чиқмаган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам қозилар гувоҳларнинг гувоҳлигини қабул қилишдан олдин уларнинг кимлигини ўрганиб чиқади. Жамиятдаги эътиборли киши-лардан уларнинг поклиги, адолати ҳақида маълумот олади. Сўнгра гувоҳлигини қабул қилади. Мазкур шартларда озгина шубҳа туғилса, қўл кесиш бекор қилинади. Агар ўғирлик шубҳасиз собит бўлса, ўғрининг ўнг қўли билаги билан кафтини бирлаштириб турувчи бўғиндан кесилади.

Исломнинг бу ҳукмига қарши чиқувчилар, бу жазо инсонпарварлик руҳига тўғри келмайди, ўғри қанчалик миқдорда ўғирлик қилган бўлса ҳам, қўлини кесмасдан, қамаш керак, дейишади. Неча юз йиллардан буён бу тадбирларини жорий ҳам қилмоқдалар. Аммо йилдан-йилга, ойдан-ойга, кундан-кунга ўғирлик кўпайиб бормоқда. Майда ўғрилар учун қамоқхона жазо эмас, балки малака ошириш курси, ўғирлик ишини янада чуқурроқ эгаллаш мактаби бўлиб қолди. Қамоқдан, ўзидан кўра тажрибали шахслардан тажриба ўрганиб чиқиб, аввалгисидан каттароқ ўғирлик қилмоқдалар. Бу мантиқсиз ҳолат етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамманинг истеҳзосига сабаб бўлмоқда.

Исломий жазо бўлмиш қўл кесиш эса, энг самарали омил ҳисобланади. Исломда жиноятнинг олдини олишга, таг-томири билан йўқотишга ҳаракат қилинади. Шунинг учун ҳам тайин қилинган жазолар нафақат тан жазоси, балки руҳий, маънавий ва тарбиявий жазо ҳам ҳисобланади. Бу маънода Исломда кўзда тутилган жазолар жиноятчи нимани кўзлаб жиноят қилса, уни, аввало, ўшандан маҳрум қилишга ўтилади. Мисол учун, меросга тезроқ етиш учун мерос қолдирувчининг ўлимига сабаб бўлган меросхўр аввал меросдан маҳрум қилинади, кейин бошқа чоралар кўрилади. Ўғирлик қилган одам осонлик билан молу мулкка эга бўлиш мақсадида бу ишга қўл уради. Унга молу мулк топишни қийинлаштириш учун қўли кесилади.

Қолаверса, бошқа жазо чоралари каби, бу жазо ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. Жазо ҳукми кўпчилик халқни тўплаб туриб ижро этилади. Кўпчиликнинг ичида шарманда бўлган ва танасида жиноятининг белгиси қолган шахс иккинчи бор бу ишга қўл урмайди. Энг муҳими – ҳукмни ижро этиш пайтида ҳозир бўлганлар ҳам ўрнак олиб, шу каби шарманда бўлмаслик учун ўғирликдан тийиладилар.

Бу ҳукмни ижро этишдан кўра, унинг ҳайбати кўпчиликни жиноятдан ушлаб туриши эътиборга сазовор. Ўғрининг қўли кесилади, деган ҳукм чиқиши биланоқ кўпчилик ўзидан-ўзи қуйилиб қолади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вақтларида ушбу ояти карима тушганидан сўнг уч-тўрт кишининг қўли кесилиши билан ҳеч ким ўғирлик қилмай қўйган. Ҳозирги пайтдагига ўхшаб, жазони ўтаб чиқибоқ яна қайтадан бошлашмаган.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Чорак динор ва ундан кўпдан бошқада қўл кесилмайди», дедилар».

Кўпчилик фуқаҳолар айни шу ҳадисни амал учун қабул қилишиб, қўл кесиш учун таъйин қилинган махсус миқдор, чорак динор, деганлар.

Ҳанафий мазҳаби эса: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларида қалқон ўн дирҳам қийматга эга эди», деган ҳадисга амал қилиб, махсус миқдор - ўн дирҳам, деганлар.

Ўғри қўлга тушса, унга нисбатан қандоқ жазо берилади ва қанчалик миқдордаги нарса ўғирланганда ўша жазо қўлланилади.

Мўмин киши Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлмоғи керак. Ўтмишда шариат қоидаларига биноан ўғрининг қўли кесилган.

Аллоҳ таоло: «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Икковлари қилган касбининг жазосига ва Аллоҳдан азоб ўлароқ. Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир», (Моида сураси, 38-ояти) деган.

Ушбу ояти каримага биноан бир одам ҳисобга етган миқдордаги нарсани ўғирласа, ўғрилиги ҳужжат-далил билан собит бўлса, қўли кесилади.

Ушбу ояти карима ва унда баён қилинган ҳукм энг кўп тортишувларга, баҳсларга ва муқоясаларга сабаб бўлган масалалардандир.

...Бир ҳикоятда шундай ёзилади: «Бир дарвеш бор эди. У хушфеъл, одобли ва доно бўлгани учун уни Донодил дер эдилар. Кунлардан бир кун Донодил Макка зиёратига йўл олади. Йўлда бир неча ўғри босқинчилар унинг мол-дунёси кўп бўлса керак, деб ўйлаб, йўлини тўсдилар. Шунда Донодил деди: «Менда мол-дунё йўқ. Йўлга олган кўрпа-тўшагим бор, холос. Истасангиз, мана, олинг. Лекин мени саломат қолдиринг, орзумга етай».

Ўғрилар унинг сўзига эътибор бермай, ўлдириш учун қилич яланғочладилар. Донодил саросимага тушиб, атрофга аланглади. Шу вақт тепаларида учиб бораётган бир тўда ёввойи ўрдакларга кўзи тушди. Донодил уларга қараб деди: «Эй, ўрдаклар, бу биёбонда ситамкорлар қўлига тушдим. Сизлар менинг ҳолимга гувоҳлик бериб, бу одамларнинг жазосини беринглар».

Лекин ўғрилар уни мазах қилиб, кулиб ўлдирдилар... Донодилнинг ўлганлиги ҳақидаги хабар шаҳар аҳлининг қулоғига етди. Улар қотилларни излай бошладилар.

Бир куни одамлар намоз ўқигани масжидга йиғилдилар. Бир бурчакда Донодилнинг қотиллари - ўғрилар ҳам ўтирган эди. Ногоҳ осмондан бир тўда ёввойи ўрдаклар учиб келиб, чуғурлашиб, ўғрилар бошида айланишди. Шу вақт ўғрилардан бири истеҳзо билан ёнидаги шеригига деди: «Булар Донодилнинг хунини талаб қилмоқдалар».

Бу гапни эшитган киши ёнидаги ҳамроҳига, у эса яна бошқасига айтди. Шундай қилиб бу хабар шаҳар ҳокимининг қулоғига етди. Дарҳол ўғриларни ушлаб жазоладилар.

...Ўғирлик, талончилик билан шуғулланган кишилар охиратда хору-зор бўладилар. Аллоҳ барчамизни бундай залолат-у қабоҳатдан ўзи асрасин.

Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗЗOҚОВ

«Ҳазрати Имом» жоме масжиди имом-ноиби

 

Кун янгиликлари
Саховат қилишга имкони бўлиб, қилмаган одамни Аллоҳ маломат қилади
21:39 / 25.06.2017 19870 Жамият
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раисига янги ўринбосар тайинланди
Туркия исломни таҳқирловчи видеоўйинлар сотувини тақиқламоқчи
19:01 29 Жаҳон
Ноқонуний интернет: турли мамлакатлар қандай хизматлар блокланган
«Бир қурилма»: iPhone яратилишининг номаълум тарихи ҳақидаги китобдан парчалар
Божхонада 5,3 килограмм оғирликдаги кумуш тақинчоқлар тўхтатиб қолинди
18:38 425 Жамият
Анталияда Ўзбекистон капитали иштирокида қарийб 30 та компания фаолият кўрсатмоқда
Бухорода «одамфуруш» аёл қўлга олинди
18:34 1107 Жамият
КХДР 2018 йилги Олимпиадани Жанубий Корея билан бирга қабул қилишдан бош тортди
18:25 636 Спорт
Божхона тўғрисидаги қонунчиликда нима ўзгаради?
Кўпроқ янгиликлар