АҚШ ҳукумати 2014 йилда Афғонистоннинг Гильменд вилоятидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетгандан кейин бу вилоятга денгиз пиёда аскарларини биринчи марта юбормоқда. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда

АҚШ армияси генерал-майори Рожер Тернернинг журналистларга айтишича, 300 га яқин аскар Гильмендга маҳаллий хавфсизлик кучларига "Толибон" радикал ҳаракати жангарилари билан курашда ёрдам бергани учун юборилади.

Генералнинг таъкидлашича, пиёда аскарларнинг жойлаштирилиши қўшинларнинг мунтазам ротацияси доирасида ўтказилади. Улар ҳозирда афғон ҳарбийларини тайёрлашда иштирок этаётган ҳарбийларнинг ўринларини эгаллашади.

Гильмендда АҚШнинг иккита базаси: Camp Letherneck ва Camp Bastion жойлашган эди. Гильмендда қўшинларнинг 2014 йили олиб чиқилиши Афғонистонда халқаро миссия фаолиятининг тугатилиши бўйича энг йирик операциялардан бири бўлди. 

АҚШ Афғонистонга ўз қўшинларини 2001 йилда "Толибон" тузумини ағдариш ва "Ал-Қоида" террорчилари билан курашиш учун киритганди. Дастлаб қўшинлар 2014 йилда тўлиқ олиб чиқиб кетилиши режалаштирилганди, бироқ Афғонистоннинг ҳозирги маъмурияти ҳарбийларнинг бир қисмини маҳаллий хавфсизлик кучларига ёрдам тариқасида қолдиришни илтимос қилган.