Швецияда давлат хизматчилари хавфсизлик бўйича махфий курслардан ўтганлари маълум бўлди

Жаҳон 08 Январь 2017 3356
Фото: AFP

Швеция давлат ва маҳаллий органларининг 400 га яқин ходими 2015 йилдан бери фуқаролик мудофааси бошқармаси томонидан ташкиллаштириладиган махсус курсларда хавфсизлик соҳасида юзага келган вазиятдан хабардор бўлиш учун тайёргарликдан ўтишган, деб хабар бермоқда Dagens nyheter швед нашри.

"Улар ҳимояланган жойларда, кўпинча ҳарбийлар ҳудудларида курслардан ўтишади. Тингланиш хавфи сабабли иштирокчилар ўз телефонларини хоналар ташқарисида қолдиришади", деб маълум қилди номаълум манбаларга иқтибос келтирган ҳолда нашр.

Фуқароларга Швеция ҳарбий академияси ўқитувчилари сабоқ берадилар. Бу ахборотни курс ташкилотчиларидан бири Ларс Хедстрем ҳам тасдиқлади.

"Биз таълим орқали замонавий таҳдидлар ва хавфсизлик сиёсати соҳасидаги ривожланиш, нима учун умумий мудофаа кераклиги ва уни ривожлантириш устида қандай ишлаш лозимлиги ҳақидаги умумий тушунчаларни оширамиз", деб айтди Хедстрем. 

Хедстремнинг айтишича, курсларнинг ташкиллаштирилиши махфий ахборот ҳисобланмайди. Бироқ курсларнинг иштирокчилари ва ўқув материаллари мазмуни ошкор қилинмайди.

Нашр маълумотларига кўра, курсларга биринчи навбатда полиция, ижтимоий хизматлар, божхона, транспорт, энергетика бошқармалари ходимлари таклиф қилинадилар. Ўқиш вақтида уларга Швециянинг Европа Иттифоқи, АҚШ, Финляндия ва НАТО билан ҳарбий масалалар бўйича ҳамкорлиги каби маълумотлар берилади. Болтиқ денгизидаги вазият сабабли Россия ҳам тез-тез эслаб турилади, ижтимоий тармоқлардаги ахборот компаниялари намуналари келтирилади. 
 
Нашрнинг "Сиз Россияни биринчи навбатда муаммо деб ҳисоблайсизми?", деган саволига Хедстрем "Ҳа, бунга ҳукуматнинг ўзи эътибор қаратган", деб жавоб берган.

Унинг айтишича, совуқ уруш замонларини бошдан кечирмаган курс иштирокчилари учун бу ўқиш бошқа, нотаниш дунёга саёҳат билан баробардек.

 

Кўпроқ янгиликлар