ЖЧ иштирокчилари сони ошиши Ўзбекистон МТЖнинг имкониятларини оширадими?

Спорт 09 Январь 2017 8802

Таниқли спорт журналисти Қаҳрамон Асланов ФИФАда кутилаётган жиддий ўзгариш ҳақидаги хабар тарқалиши ортидан тезкорлик билан бу янгиликка муносабат билдириб чиқди. Унинг "Сал қолишига сал қолади" номли мақоласи ЖЧ-2026 иштирокчилари сони ошиши Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиалга чиқиш имкониятларига қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида.

2026 йилдаги жаҳон чемпионатида иштирокчилар сони 48тага етказилиб, Осиёга 8.5 ўрин берилар экан. Бир қараганда, яхши хабар. Бир пайтлар ҳамкасбларим билан шу мавзуда баҳслашгандик. “Агар Осиёга 5-6 ўрин берилса, аниқ чиқамиз” деганди кимдир. Ростанам, мантиқанам, тўғридек. Сўнгги саралашда масалан кучли 6 таликка кирдик, охиргидан олдинги Осиё чемпионатида тўртликда эдик. Рейтингда ҳам доим тўртинчи-бешинчи ўринларда юрамиз.

Аммо, биласизми, мен бунга ишонмайман. Тўртинчи ўрин учун курашиб, бешинчи бўлиш бошқа, олтинчи ўрин учун курашиб олтинчи бўлиш бошқа.

Иккинчиси қийинроқ. Иккинчиси вазифа бажарилганлигини англатади, вазифани бажариш эса доим максимал меҳнат талаб қилади. Ҳозирку, баъзи Осиё жамоалари уйқуда, биз кўпинча, Хитойни, Қатарни енгмоқдамиз. Лекин йўлланмалар сони ошса, энди улар ҳам, ЖЧга чиқиш учун Японияни эмас, Ўзбекистонни ортда қолдириш кифоя эканини билиб қолишса, кураш бошқача бўлади, ишонаверинг.

Оддий мисол, охирги саралаш ўйинлари. Ҳа, биз 14 очко тўпладик, ҳа биз сўнгги турнинг сўнгги дақиқаларигача имкониятни сақлаб турдик, плей-оффда ўйнадик. Ҳа. Аммо курашдикми? Йўқ. Биз ўйнадик холос. Ютганимизда чиқардик, ютолмадик, чиқолмадик.

Эсингизда бўлса, тақвим бўйича охирги турдаги Корея – Эрон учрашуви соат 17.00да, бизнинг Қатарга қарши ўйинимиз эса, соат 18.00да бошланиши кўзда тутилганди. Икки ўйин бир бирига чамбарчас боғлиқ, агар нариги ўйинда Эрон ютқазса, биз Қатарни ютишимиз керак. Уёқда дуранг бўлса, Қатарни 4 тўп фарқи билан ютишимиз керак. Агар Эрон ютадиган бўлса, Қатарга жавобсиз 6 гол уришимиз шарт. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам, нариги ўйин натижаси бизга имконият қолдирарди, ҳаммаси ўз қўлимизда эди.

Эрон курашди. ФИФА га хат ёзиб, ҳар икки учрашувнинг бир вақтда ўтказишни сўради. Талаб қилмади, регламентда йўқ бунақа нарса, талаб қилолмасди, сўради холос. ФИФА ҳам жавобан бизга тавсия қилди, сўради. Талаб қилмади, регламентда йўқ, мажбур қилолмасди, сўради холос.

Ёзнинг жазирамаси. Бундай иқлимда, соат бешда олтита гол уриш тугул, ўйнаш ҳам осон эмас. ФИФАга мана шуни тушунтириш кифоя эди, Аргентина билан ўртоқлик ўйинини келишишдан бирмунча осон. Йўқ. Рози бўлдик.

Менга доим шу нарса алам қилади. Ҳа, ғолиб майдонда синалади, тўғри. Хат ёзмасдан ютмоқчийдик, ҳалол ютмоқчийдик. Мард бўл, от чоптир йигитга хос, ие узр, чалғиб кетдим, хуллас, иккинчи таймда Эронга ўз майдонида 0:1 ютқазаётган корейслар Тошкентдаги ҳисоб ҳам 0:1 экани ва энди ўзбеклар 7 та гол уриш кераклигини билгач, бир юз ўн фоиз куч билан ўйнайдими? Агар биринчи таймда сўнг 0:1 ютқазаётган корейслар, Тошкентда ҳали ўйин бошланмаганини, мабодо, Эрондан ютқазиладиган бўлса, бу ер Осиё, Ўзбекистон Қатарга истаганча гол уриб юбориши мумкинлигини хис қилганда, Эрон билан бир юз ўн фоиз куч билан ўйнармиди? Ҳа, албатта.

Айтмоқчиманки, жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашиш керак. Курашиш, бир нима қилиш деганда фақат мураббий алмаштиришни тушунадиган терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқишга қодирми?

Сўнгги Европа чемпионатига кутилмаганда, Исландия, Уэльс, Австрия, Шимолий Ирландия каби терма жамоалар йўлланма олишди. Сабаби нима экан? Ростан ҳам бу жамоалар сўнгги йилларда кучайиб кетишдими? Йўқ, менимча. Назаримда, бунга сабаб, Европа чемпионати финал босқичига чиқадиган йўлланмалар сони оширилганидир.

Авваллари гуруҳда 1-2 та яққол кучли рақибга дуч келган ва йўлланмалар сони бундан кўп эмаслигини билган Шимолий Ирландия стратегияни йўлланма учун кураш деб эмас, шунчаки ҳар бир ўйинда муносиб қатнашиш, деб белгиларди. Бу сафар ҳато учинчи жамоада ҳам имконият бўлишини билгач, курашиб кўрмоқчи бўлишади ва кутилмаганда, натижаларда барқарорлик юзага келади. Ҳатто Исландия каби жамоалар гуруҳда Нидерландия, Туркия каби рақибларни ортда қолдира олишди.

Ким билади, Жаҳон чемпионатига йўлланмалар сонининнг ошиши Осиёдаги баъзи жамоаларнинг ўзгаришига, биз учун янада хавфлироқ рақибга айланишларига туртки берар. Бу жиҳат бизга туртки берадими? Биз ўзгарамизми? Ишонишим қийин.

Қаҳрамон Асланов

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 12889 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 20472 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 10183 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 11018 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 37928 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 52162 Жамият
Трамп Афғонистондан америкалик ҳарбийларни зудтар олиб чиқиш имконсизлигини айтди
14:10 195 Жаҳон
Қозоғистон Қирғизистонга ёрдам кўрсатишни бошлади - 41 миллион доллар
14:00 282 Жаҳон
Президент ҳузурида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилиши мумкин
Терма жамоанинг Қирғизистонга қарши ўртоқлик учрашувига мухлислар киритилмайди
13:40 1960 Спорт
Кўпроқ янгиликлар