Ирландиядаги биринчи сузувчи меҳмонхона тез орада катталиги бўйича иккинчи ўриндаги шаҳар ҳисобланган Коркнинг қоқ марказида барпо этилади. Irish Examiner газетасида хабар берилишича, маҳаллий ишбилармонлар немис сайёҳларини Рейн бўйлаб ташиган 100 метрли "My Story" кемасини шу мақсадда қайта жиҳозлашмоқчи.

Манбага кўра, кема тўлиқ қайта жиҳозланади. Ҳар бир каютанинг ўз ваннахона ва ҳожатхонаси бўлади. Юқори қулайлик яратилган сайёҳларга анъанавий ирланд ошхонаси асосидаги ресторан хизмат кўрсатади. 

Янги меҳмонхонанинг интерьер дизайни билан ким шуғулланиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмади. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, "Сингапур авиалиниялари" учун биринчи тоифали салонларни жиҳозлаган James Park Associates фирмаси мазкур лойиҳага қизиқиш билдирган. 

Сузувчи меҳмонхонадаги номернинг тахминий баҳоси 150 еврони ташкил қилиши мумкин. Шунга қарамай, лойиҳа муаллифлари меҳмонхонага талаб катта бўлишига ишонч билдиришмоқда. 

Расмий статистикага кўра, Ирландия меҳмонхоналарида яшаш учинчи йил кетма-кет қимматлашмоқда. Коркдаги бир тун сайёҳга ўртача 129 еврога тушади.