Каталониянинг «Барселона» футбол клуби ҳужумчиси Лионель Месси ФИФАнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчига мукофот топшириш маросимига келмайди. У энг яхши ўйинчи бўлиш учун номзодлар рўйхатида бор. Бу ҳақда Tribuna.uz хабар бермоқда. Цюрихга аргентиналикдан ташқари Херард Пике, Андрес Иньеста ва Луис Суарес ҳам боришмайди.

Маълумот учун, France Football журнали 2016 йилдан бери яна «Олтин тўп» мукофотини, ФИФА – ўзининг совринини топшириб келмоқда. Ўтган мавсум якунига кўра «Олтин тўп»ни «Реал» форварди Криштиану Роналду қўлга киритди, «The Best»га эса Роналду, Лионель Месси («Барселона») ва Антуан Гризманн («Атлетико») даъвогарлик қилмоқда.

Мукофотларни топшириш маросими бугун Цюрих шаҳрида бўлиб ўтади.