Пентагон раҳбари Эштон Картер NBC News телеканалига берган интервьюсида баёнот беришича, Россия АҚШнинг ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашига «ноль» ҳисса қўшган. 

«Йўқ, улар ИШИДга қарши ҳеч нарса қилишгани йўқ, амалда ноль. Улар ИШИДга қарши курашиш ва Суриядаги фуқаролик урушига барҳам бериш мақсадида келганларини айтишди, бироқ, бундан ҳеч бирини амалга оширишмади», — деган Картер. 

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда ИШИД билан ҳақиқий жанг Мўсул ва Раққани озод қилиш учун олиб борилмоқда, аммо ушбу амалиётларнинг ҳеч бирида Россия иштирок этаётгани йўқ. 

«Русларнинг ҳаракатлари билан Суриядаги фуқаролик урушига барҳам бериш жараёни бирмунча чигаллашди. Руслар Сурия инқирозида иштирок этиш билан шундай имкониятга эга бўлишдики, бу бир жиҳатдан яхши ҳам бўлиши мумкин. У ҳам бўлса, Сурия президенти Башар Асадни аста-секинлик билан лавозимидан кетказишдир», — деб таъкидлаган АҚШ мудофаа вазири. 

Картернинг қайд этишича, Россия ўшанда (Сурияга ҳарбийларини олиб келганида) айнан шу ҳақда гапирган. «Лекин улар бунинг ўрнига Суриядаги фуқаролик урушини икки марта кучайтириб юборишди», — деган Пентагон бошлиғи.